Ello ижтимоий тармоғига ҳозирги пайтда соатига 31 минг киши қўшилиш истагини билдириб, ариза бермоқда. Бу ҳақда лойиҳа асосчиси Пол Буднис BBC’га берган интервьюсида маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, дастлаб янги ижтимоий тармоқдан унинг тахминан 90 нафар дўстигина фойдаланиши режалаштирилган. Бироқ август ойи бошида АҚШнинг Вермонт штатида велосипед дўконига эга Буднис сайтни ҳамма учун очишга қарор қилди. Ello’га «анти-Фейсбук» деб лақаб қўйишган, сабаби тармоқ фойдаланувчиларни рекламадан халос қилишга ва уларнинг маълумотларини реклама берувчиларга сотмасликка ваъда бермоқда.
Ello сайти ўта оддий дизайнга эга бўлиб, бир қарашда бошқа ижтимоий тармоқлардан кўра фойдаланишга унча қулай эмасдек кўринади. Ҳали синов версиясида бўлган янги тармоқ DDoS-ҳужумга учрашга ҳам улгурган. Натижада сайт дам олиш кунлари қисқа муддат давомида оффлайн ҳолатида бўлган.
Буднис Ello’ни «антифейсбук» деб атаётганларига эътибор бермаслигини таъкидлаган: «Биз Facebook’ни рақобатчи сифатида кўрмаймиз. Биз учун Facebook − реклама майдони, Ello эса − ижтимоий тармоқ». Шунингдек, у сайт вақти келиб пулли хизматлар жорий қилишини ҳам қўшимча қилган.
Изоҳ (0)