Буюк Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон ўз мамлакатининг Европа Иттифоқи таркибидан чиқиши учун жамоатчилик кампаниясини бошлашга тайёр эканлигини маълум қилди. Бу ҳақда The Telegraph’га таяниб «Интерфакс» хабар бермоқда.
Бош вазирнинг сўзларига кўра, Буйк Британиянинг аъзолиги шартларини қайта кўриб чиқиш бўйича Брюссель билан келишувга эришилмаса, у мамлакатнинг Европа Иттифоқидан чиқиши тўғрисида референдум ўтказиш ташаббуси билан чиқади. Жумладан, Кэмерон Евроиттифоқ давлатларидан Буюк Британияга миграцияни чеклаш ҳуқуқини қўлга киритмоқчи (айни пайтда Европа Иттифоқининг барча фуқаролари Буюк Британияда ишлаш ҳуқуқига эга). Агар келишувга эришилмаса, аъзоликни сақлаб қолиш бўйича референдум 2017 йилда ўтказилиши мумкинлиги айтилмоқда.
Дэвид Кэмерон евроинтеграцияни чеклаш ва Брюсселнинг Буюк Британия ички ишларига аралашувини камайтириш ғоясини илгари суриб келади. Жумладан, у Люксембургнинг собиқ Бош вазири Жан-Клод Юнкернинг Европа Комиссияси раҳбари лавозимига тайинланишига ҳам қарши эди. 2014 йил 15 июлда бу лавозимни эгаллаган Юнкернинг сайловолди кампаниясида Европа интегратиясини янада чуқурлаштириш, умумий ташқи сиёсат бўлими ваколатларини кенгайтириш ғоялари илгари сурилган эди.
Изоҳ (0)