ICTExpo ахборот технологиялари кўргазмаси саҳнасида ESWC Uzbekistan-2014 Жаҳон кубоги саралаш босқичи якунига етди. Унинг ғолиби бир ойдан кейин Парижда бўлиб ўтадиган кибер-ўйинлар бўйича Жаҳон кубогида юртимиз шарафини ҳимоя қилади, деб хабар бермоқда Mobinfo.uz.
Август сентябрь ойларида пойтахтимиз ва вилоятларда э-спорт бўйича Ўзбекистон чемпионати — «Zo‘r-Zo‘r UCG 2014» ўйинлари бўлиб ўтган эди. Жаҳондаги энг оммабоп футбол симулятори – FIFA 14 бўйича ўтказилган минглаб ўйинлар натижасида Паридаги жаҳон чемпионати йўлланмаси учун курашда 8 финалчи: Бобуршоҳ Насуллоев (Бухоро), Дилшод Абдураҳмонов (Самарқанд), Аброр Рустамов (Фарғона), Абдусапи Қаюмов, Сирожиддин Камолов, Олим Исмоилов, Павел Саприкин ва Ўктам Ибрагимов (Тошкент) номлари аниқланган эди.
Сўнгги тур ўйинлари натижасига кўра «Zo‘r-Zo‘r UCG» ғолиблиги кетма-кет иккинчи йил ўзбекистонлик энг таниқли геймерлардан бири Абдусапи Қаюмовга насиб этди.
«Бу йилда биз финал иштирокчиларининг ўта кучли таркибига гувоҳ бўлдик. Бир ўйлаб кўринг: Ўзбекистон чемпионати якуний ўйинларида сайёрамизнинг энг яхши виртуал футболчилари дан бир йўла икки геймер – амалдаги Осиё чемпиони Павел Саприкин ва ўтган йилги жаҳон чемпионатида кучли бешликка кирган Абдусапи Қаюмов қатнашмоқда. Мен ғолибларни самимий табриклайман ва бу йилги турнир юқори савияда ўтганидан мамнунман», − деди Uzbeksitan Cyber Games ташкилий қўмитаси раиси.
Э-спорт бўйича Ўзбекистон чемпионатининг FIFA 14 йўналишида кумуш медаль Олим Исмоиловга, бронза медаль эса Павел Саприкинга насиб этди.
Изоҳ (0)