Англия Премьер-лигаси 2-туридан ўрин олган «Манчестер Сити» — «Ливерпуль» учрашуви ўз ниҳоясига етди ва унда амалдаги Англия чемпионлари «қизиллар»ни 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Бу ҳақда Uff.uz хабар бермоқда.
Учрашувнинг биринчи бўлими меҳмонлар устунлигида ўтган бўлишига қарамай, 41-дақиқада мезбонлар гол киритди. Морено ўз жарима майдонида хатога йўл қўйиб, тўпни тепиб юбормади. Натижада Йоветич Миньоленинг оёқлари орасидан тўпни дарвозага йўллади — 1:0.
Иккинчи бўлимнинг 55-дақиқасида черногориялик Йоветич ажойиб узатма билан ҳужумни бошлади. Сильва эса тўпни жарима майдонига ташлади. У ерда Йоветичнинг ўзи тўпни дарвоза томон аниқ йўллади — 2:0.
69-дақиқага келиб «Ливерпуль» яна бир қаттиқ зарбага дучор бўлди. Бу сафар Агуэро вице-чемпионларни аяб ўтирмади. Аргентиналик ҳужумчи Ловрендан қочиб кетди ва Миньоле қўриқлаётган дарвозанинг узоқ бурчагини аниқ нишонга олди — 3:0.
82-дақиқада Рожерс шогирдлари битта тўп билан бўлса ҳам ҳисобдаги фарқни қисқартирди. Старриж Демичелисни алдаб ўтиб, ажойиб узатма берди. Ламберт юқори сакраб, тўпни тўғри Хартга йўллади ва Сабалетага автогол уришда «ёрдам» бериб юборди — 3:1.
Шу тариқа «Манчестер Сити» «Ливерпуль» устидан ишончли ғалабани қўлга киритди.
АПЛ, 2-тур
«Манчестер Сити» — «Ливерпуль»: 3:1 (1:0)
Голлар: 1:0 — 41 Йоветич, 2:0 — 55 Йоветич, 3:0 — 69 Агуэро, 3:1 — 83, Сабалета (автогол).
«Манчестер Сити»: Жо Харт, Сабалета, Демичелис, Компани, Клиши, Яҳё Туре, Фернандо, Сильва (Навас, 65), Насри, Йоветич (Фернандиньо, 80), Жеко (Агуэро, 68).
«Ливерпул»: Миньоле, Ловрен, А.Морено, Шкртел, Жонсон, Коутиньо (Маркович, 60), Хендерсон, Стерлинг (Ламберт, 79), Аллен (Жан, 75), Жеррард, Старриж.
Огоҳлантиришлар: Яҳё Туре (29), Жан (76).
Изоҳ (0)