Америкалик Вашингтон ва Ню-Жерсида тўрт кишини ўлдирганини тан олди ҳамда жиноятни АҚШнинг Яқин Шарқдаги сиёсати туфайли ўч олиш мақсадида амалга оширганини айтди. Бу ҳақда Лос Ангелес Times суд ҳужжатларига таяниб хабар берди.
Вашингтон штати Кинг округи прокуратураси маълумотларига кўра, Сиэтлда яшовчи Али Муҳаммад Браун тўртта қотилликни ўз бўйнига олган. Хабар берилишича, Вашингтон штатида уч киши, Ню-Жерсида бир киши унинг қурбонига айланган.
Браун қотилликларни Сурия, Афғонистон ва Ироқда ҳалок бўлганлар учун қасос олиш мақсадида амалга оширганлигини айтди. «Менинг вазифам — ҳар куни йўқотилаётган миллионлаб кишилар ҳаёти учун ўч олиш. Бу ҳаётларнинг барчасини ҳар куни Америка ва унинг ҳукумати тортиб олмоқда», — деди у.
Браун ўз «вазифа»сини 27 апрелда бошлаган. 18 июль куни ҳибсга олинишидан аввал у бир қанча ўғриликларни ҳам амалга ошириб улгурган. Браун ўлим жазосига ҳукм қилиниши тахмин этилмоқда.
Изоҳ (0)