АҚШнинг Осиё минтақасидаги тангликни ҳал қилиш билан боғлиқ уч босқичли режасини Хитой маъқулламади. Бу ҳақда The Guardian’га таяниб, «РИА Новости» хабар бермоқда.
Мьянма пойтахти Нейпьидода бўлиб ўтган Жануби-шарқий Осиё давлатлари иттифоқи (АСЕАН) минтақавий форумида АҚШ, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Австралия, Европа Иттифоқи вакиллари қатнашиб, унда Жон Керри минтақадаги вазият ечимига оид режа билан таништирди. «АҚШ ва АСЕАН биргаликда стратегик нуқтайи назардан муҳим бўлган денгизлар, қуруқлик ва портларда хавфсизликни таъминлашга масъулдир», — деди Жон Керри.
Филиппин Ташқи ишлар вазири Альберт дель Розарио Керрини қўллаб, Жанубий Хитой денгизидаги баҳсли сув ҳудудларида ҳам «агрессив кўриниш олган ҳаракатларнинг кўпаяётгани»дан хавотир олаётганини таъкидлади. Бунга жавобан, Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И АҚШнинг Осиёда жойлашган қўшни давлатлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солишда иштирок этаётганини рад этган ҳолда, Жанубий Хитой денгизидаги вазият барқарор эканлигини қайд этди.
The Guardian муҳаррирларининг фикрича, АҚШ мазкур учрашув орқали Хитой ва унинг қўшнилари ўртасидаги кескин муносабатларни ҳал қилишда фаол иштирок этмоқчи бўлган.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирда минтақанинг Хитой, Вьетнам, Япония, Филиппин сингари давлатларида денгиз чегаралари ҳамда Жанубий Хитой ва Шарқий Хитой денгизларига жавобгарлик билан боғлиқ зиддият кузатилмоқда.
2014 йил май ойида Хитойнинг Жанубий Хитой денгизидаги баҳсли ҳудудларда нефт платформасини ўрнатиши бир неча давлат ўртасида келишмовчилик кучайишига сабаб бўлди.
Изоҳ (0)