Хитойнинг Шенжен шаҳри йўл-патрул хизмати ҳайдовчиларнинг юқори ёруғлик тарқатувчи мосламалардан нотўғри фойдаланишига қарши янги чора ишлаб чиқди. Бу ҳақда China Real Time хабар бермоқда.
Йўл-патрул хизмати ходимларининг маълум қилишича, ўта ёруғ чироқларни ёқиб кетаётган ҳайдовчилар эндиликда полиция автомобилидаги ёрқин фараларга бир неча дақиқа давомида қараб туришга мажбур бўлади.
Полициянинг «Ҳамон ёруғлик қурилмаларидан беғамлик билан фойдаланяпсанми? Ундай бўлса, бугундан бошлаб сени бизнинг ўта ёрқин мосламаларимизга беш дақиқа қараб туришга мажбур қиламиз», — деган огоҳлантириши «смайлик» билан юмшатилиб, интернетга жойланди.
Мазкур чора интернет фойдаланувчилари ўртасида турлича баҳоланди. Кўпчилик қарорга ижобий муносабат билдирган бўлса, айримлар йўл-патрул хизматининг қонун-қоидага риоя қилиши лозимлигини таъкидлаб, янги жазо қайси ҳуқуқий ҳужжатга асосланганини сўраб, ўзининг ҳақ-ҳуқуқини талаб қилди. Бундан ташқари, кўриладиган чора ҳайдовчиларнинг соғлиғига зиён етказиши мумкинлиги, бу эса, ўз навбатида, йўл-транспорт ҳодисалари кўпайишига олиб келиши мумкинлиги қайд этилди.
Ёруғ чироққа қараб туришдан ташқари, ҳайдовчилар 300 юань (49 доллар) миқдоридаги жаримага ҳам тортилади. Қайд этилишича, жарима ёруғликка бир неча дақиқа қараб туриш жазосига нисбатан кўпроқ самара бериши мумкин.
Изоҳ (0)