Жорий йилнинг 2-8 сентябрь кунлари «Музейлар ҳафталиги» ташкил этилиб, давлат музейларининг барча хоҳловчилар учун очиқлиги таъминланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
«Ҳафталик доирасида музейларда халқимизнинг бой маданий мероси, унинг инсоният тарихидаги роли замонавий технологиялар асосида кенг тарғиб қилинади», — дейди Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги маънавий-маърифий муассасалар, музейлар, ахборот-ресурс марказлари бошқармаси бошлиғи Алишер Мусаев.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари билан ҳамкорликда янги ўқув йилидан бошлаб ҳафтанинг ҳар сешанба ва жума кунлари ўқувчи-талабаларни музейларга жалб этиш режаси ишлаб чиқилмоқда. Мазкур режага биноан, бир қатор назарий фанлар эндиликда бевосита музейларда ташкил этилади.
Хабар берилганидек, ҳозирда барча давлат музейлари ҳафтанинг ҳар сешанба ва жума кунлари болалар ва уларнинг ота-оналарига бепул хизмат кўрсатмоқда.
Изоҳ (0)