Кузда тақдим этилиши кутилаётган iPhone 6 смартфони дисплейида сапфир биллури ишлатилиши ва уни пичоқ билан ҳам қириб бўлмаслиги ҳақида хабар қилинган эди. Ундан кейин тақдим этилган видео эса iPhone 6 дисплейини қумқоғоз билан қириш мумкинлигини кўрсатди ва унда сапфир биллури ишлатилмаганлиги исботлагандек бўлди.
«Пароль» нашрининг Phonearena.com маълумотига асосланиб хабар беришича, сапфир биллурини ишлаб чиқариш ҳажми ошмаган. Шунингдек, ҳозирда iPhone дисплейларида фойдаланилаётган Gorilla Glass’ни ишлаб чиқариш ҳажми ҳам пасаймаган.
Бундан тахмин қилиш мумкинки, Apple сапфир биллурини буюртма қилмаган ва iPhone 6 учун Gorilla Glass ишлатилаётган бўлиши мумкин.
Таъкидлаш керак, Apple компаниясининг Меса шаҳрида сапфир биллурини ишлаб чиқарувчи заводи бор. Балки бу тадқиқотчиларнинг назаридан четда қолган бўлиши ҳам мумкин. Шу билан бирга Apple компанияси каттароқ iPhone дисплейларини ишлаб чиқариш учун февраль ойида сапфир биллури олинадиган печларни сотиб олган эди.
Айрим тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, сапфир биллури Gorilla Glass’дан 30–35 доллар қимматлиги сабаб, 4,7 дюймли iPhone 6 дисплейида ишлатилиши ва у ишлатилган смартфонлар бошқаларига нисабатан қимматроқ сотилиши мумкин.
Бошқа тадқиқотчилар эса фақатгина 5,5 дюймли iPhone 6 планшетофонида сапфир биллури ишлатилади, деб тахмин қилмоқда.
Изоҳ (0)