Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хе Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга миннатдорчилик мактубини йўллади. Мактуб 21 июль куни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг расмий сайтида эълон қилинди.
Пак Кин Хе мактубда Ўзбекистон Республикасига расмий ташрифи давомида бу ерда кўрсатилган иззат-икром учун миннатдорчилик изҳор этиб, бўлиб ўтган учрашувлар натижасида икки давлатнинг ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида биргаликда равнақ топишга интилаётган стратегик шериклар эканига амин бўлганини таъкидлаган.
Ташаккурномада, шунингдек, олий даражада бўлиб ўтган учрашувда икки мамлакат ўртасида нафақат энергетика соҳаси, балки «электрон ҳукумат», ахборот технологиялари, тўқимачилик ва мудофаа саноати, қишлоқ хўжалиги, атроф-муҳит, инфратузилма ва бошқа кўплаб соҳаларда турли ҳамкорлик лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш тўғрисидаги келишувга эришилгани қайд этилган.
Мактубда Ислом Каримовнинг халқаро ва минтақавий масалалар тўғрисидаги фикр-мулоҳазалари, шунингдек, Ўзбекистондаги корейс диаспорасига қаратилаётган эътибор Корея Республикаси Президентини ҳайратга солгани ва чуқур таассурот қолдиргани ҳақида фикр билдирилган.
«Жаноби Олийлари, мен яна шуни алоҳида миннатдорлик билан таъкидламоқчиманки, Тошкент шаҳри аэропортида мени шахсан кутиб олдингиз, самарқанд шаҳрига мен билан бирга бордингиз. Бу билан самимий меҳмондўстлигингизни намоён этдингиз. «Афросиёб» музейидаги деворий расмларда акс эттирилган Когурё даври элчиларининг тасвири Буюк Ипак йўлининг қадимий тажрибаси бизнинг кунларимизда ягона Евроосиёда яна мужассамлаша олишига ишончимни мустаҳкамлади», — дейилади ташаккурномада.
Корея Республикаси Президенти Ислом Каримовга мустаҳкам соғлиқ, Ўзбекистон Республикасига эса юксак равнақ ва тараққиёт тилаб, ўз мактубини якунлаган.
Эслатиб ўтамиз, Жанубий Корея президенти Пак Кин Хе 16—18 июнь кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлганди.
Изоҳ (0)