ФИФА Равшан Эрматовнинг арбитрлар бригадасига Бразилиядаги жаҳон чемпионатида энг яхши ҳакамлик учун олтин медаль топширди. Бу ҳақда Эрматов бригадасига кирувчи ФИФА рефериси ёрдамчиси Баҳодир Қўчқоров хабар берди, деб ёзади UzDaily.
Маълум бўлишича, Эрматов бригадаси ушбу медални жаҳон чемпионатида фаолият кўрсатган бошқа ҳакамлар билан бир қаторда қўлга киритган.
Эслатиб ўтамиз, Равшан Эрматов ва унинг ёрдамчилари — Абдуҳамидилло Расулов ва Баҳодир Қўчқоров Бразилиядаги жаҳон чемпионатида тўртта учрашувни бошқарди.
Эрматов жаҳон чемпионатларида тўққизта ўйинга ҳакамлик қилган тарихдаги биринчи арбитрга айланди.
Равшан Эрматов 2010 йил ЖАРда бўлиб ўтган футбол бўйича жаҳон чемпионатида бешта учрашувга ҳакамлик қилган.
Бразилияда бўлиб ўтган турнирда эса ўзбекистонлик арбитр тўртта ўйинни бошқарди. Ҳамюртимиз Швейцария – Эквадор (1-тур гуруҳ босқичи), Хорватия – Мексика (3-тур гуруҳ босқичи), АҚШ – Германия (3-тур гуруҳ босқичи) ҳамда Голландия — Коста-Рика (чорак финал) учрашувларига ҳакамлик қилди.
Изоҳ (0)