Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов «Давлат мулки объектларини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига сотиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, маданият ва спорт ишлари вазирликлари, уларнинг ҳудудий бўлинмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликларининг раҳбарларига уларнинг балансида бўлган бино ва иншоотлар, бошқа давлат мулки объектларининг сақланиши, тегишли даражада авайлаб-асралиши ва самарали фойдаланилишини таъминлаш бўйича қониқарсиз ишлаганликлари ва масъулиятсизлик билан қараганликларини кўрсатиб ўтди.
Ҳужжатда давлат мулкини хусусийлаштириш ва бошқариш соҳасида қонунчилик бузилишига йўл қўйган Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг бир қатор ҳудудий органлари раҳбарлари эгаллаб турган лавозимларидан озод этилгани, давлат мулки объектларини балансида сақловчи юздан ортиқ давлат ташкилотлари раҳбарларига нисбатан қаттиқ жиноий ва интизомий жазо чоралари қўлланилгани қайд этиб ўтилди.
Қарорда айтилишича, давлат мулки объектларининг ялпи инвентаризацияси ўтказилиб, фойдаланилмаётган объектлар бузиб ташланади ва бўшаган ер участкалари маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг захира фондига топширилади ёки кимошди савдосига қўйилади.
Изоҳ (0)