Браслетга ўхшаш дизайнда ишланган ушбу ақлли соат Ritot деб номланади. У билакка тақилади ва нур ёрдамида соат проексиясини кафтнинг устида кўрсатади.
Бу ҳақда Indiegogo краудфандинг сайтида хабар берилди. Лойиҳа краудфандинг орқали 146 000 доллар маблағ йиғишга муваффақ бўлган.
Қурилма смартфон ёрдамида ишлайди. У дисплей ўрнига кафтнинг устки қисмида нурдан проексия ҳосил қилади. Ҳосил қилинган проексияда эса вақтни, қўнғироқ қилувчининг маълумотларини, матнли хабарларни, E-mail ва Facebook ҳамда Twitter’да ёзилган статусларни кўриш мумкин.
Ундан тунда ҳам, кунда ҳам фойдаланиш мумкин. Батареясининг қуввати эса бир ойгача етади. Қурилма сув ўтказмас қилиб ишланади ва унинг икки хил – браслет ҳамда спорт турлари ишлаб чиқарилади. Икки жинс вакиллари учун ҳам мўлжалланган Ritot гаджети 20 хил рангда бўлади.
120 доллар сарфлаб краудфандинг орқали лойиҳага кўмаклашиш ва битта Ritot ақлли соатига буюртма бериш мумкин.
Изоҳ (0)