Тошкентдаги «Локомотив» истироҳат боғида йигит ўз севган қизига турмуш қуриш таклифини романтик тарзда билдирди. Бу ҳақда боғнинг Facebook’даги расмий саҳифаси хабар бериб, воқеа жойидан сурат билан бўлишди.
«Боғимиздаги фаввора ёнида романтик мусиқа остида турмуш қуриш таклифи билдирилди, — дейилади хабарда. — Гуллар, камералар, олқишлар, қизнинг қувонч кўз ёшлари ва атрофдагиларнинг ҳаяжонли луқмалари — қиз ‘Ҳа!’ — дея розилик билдирди».
Жойланган суратда бир гуруҳ кишилар гувоҳлигида йигитнинг тиз чўкиб, қизга умид билан боқаётганини кўриш мумкин. Аллақачон қоронғи тушиб қолгани боис, уларни махсус прожекторлар орқали ёритиб туришибди. Ёлланган фотосуратчилар эса ушбу «тарихий» лавҳани кадрга муҳрлаш билан овора. Атрофдагиларнинг баъзилари уларни ҳавас билан (қизлар), қолганлари бироз энсаси қотиб (йигитлар) кузатаётганини кўриш мумкин.
Постга билдирилган изоҳларда ҳам турли фикрларни ўқиш мумкин. Кўпчилик икки ёшни бундай ажойиб кун ва бўлажак тўй билан табриклаган. Қолган фойдаланувчиларнинг бир қисми йигитни жасорат ва ҳозирги кунда камдан-кам учрайдиган романтика учун мақтаган бўлса, бошқалар ўзларига бу ҳолат эриш туюлганини изҳор қилишга шошилган.
Воқеа қаҳрамонларининг ҳар иккиси ҳам улар учун ҳақиқий байрамни уюштиришга ёрдам бергани учун боғга миннатдорчилик билдириб изоҳ қолдирган.
Изоҳ (0)