Ўтган йили Ўзбекистон ҳудудида топилган ва ОАВларда мамонт деб аталган улкан жонивор қолдиқлари айни пайтда Геология музейида сақланмоқда.
Музей директори Аҳмаджон Аҳмедшоевнинг Uzbekistan Today нашрига маълум қилишича, топилма устида тадқиқот ишлари давом этмоқда. «Қолдиқларнинг мамонтлар ўтмишдошлари — архидискодонларга тегишли экани исботланди, — деди у. — Топилманинг аниқ ёши Ядро физикаси институтидаги изланишлардан сўнг маълум бўлади».
Аҳмедшоев ушбу архидискодоннинг тахминан 2 миллион 800 минг йилдан 800 минг йил аввалги давр оралиғида яшаб ўтганини айтди. Ядро физикаси институти тадқиқотлари ярим йилда ниҳояланиши кўзда тутилган.
Музей ташрифчилари топилмани жорий йил сўнгида томоша қилишлари мумкин бўлади. «Ҳозирда қолдиқларга улар парчаланиб кетмаслиги учун махсус эритма билан ишлов берилмоқда. У суякнинг барча қаватларига сингиши учун вақт талаб этилади», — деди директор.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Тошкент вилояти Оҳангарон воҳасидаги Овжазсой ҳудудида Ўзбекистонда илк бора жанубий мамонт қолдиқлари топилгани хабар берилган эди.
Изоҳ (0)