Монголиядан ноқонуний олиб чиқилган 18 динозаврнинг қолдиқлари АҚШ ҳукумати ёрдамида мамлакатга қайтарилди. Бу ҳақда Нью-Йорк Жанубий округининг федерал прокурори Приит Бхарарнинг сўзларига таяниб, ИТАР-ТАСС хабар берди.
10 июль куни бўлиб ўтган махсус маросимда прокурор динозавр қолдиқларининг Монголиядаги табиий тарих музейига топширилишини айтди.
Хабар берилишича, динозавр қолдиқларининг ёши 68—80 миллион йилга тенг. Икки тарбозавр ва бир протоцератопс скелетлари, бир нечта қушсимон овираптор суяклари, динозаврнинг тошга айланган тухуми сингари ноёб экспонатлар Монголия ҳудудидаги Гоби чўлида топилган эди.
2012 йил октябрь ойида топилмалар орасидаги транозавр скелетини Монголиядан АҚШга ноқонуний олиб келган Виржиния штатида истиқомат қилувчи Эрик Прокопи ҳибсга олинган эди. У уч йил озодликдан маҳрум қилиниши мумкинлигидан хабар топгач, АҚШ прокуратурасига динозавр қолдиқларини топиш учун ёрдам беришга розилик билдиради.
Икки йиллик қидирув ишларидан сўнг, АҚШ ҳукумати динозавр қолдиқларини топишга муваффақ бўлди. Эрик Прокопи эса уч ойлик қамоқ жазосига маҳкум қилинди.
Изоҳ (0)