Хивада бугунги кунда 130 дан зиёд меъморий ёдгорлик сақланиб қолган. Шулардан бири Оллоқулихон мадрасаси қайта таъмирланди ва унда анъанавий ҳунармандчилик маркази иш бошлади. Бу Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар ҳамда Маданият ва спорт ишлари вазирликлари ташаббуси билан япониялик мутахассислар ҳамкорлигида амалга оширилди, деб хабар бермоқда «Туркистон пресс».
Шунингдек, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда Ёқуббой хўжа, Абдурасулбой мадрасаларида ипак гиламлар ва сўзаналар тўқиш марказлари очилди.
Бундан ташқари, Япониянинг Киото университети олимлари музейлар фондида сақланаётган хатлар, буюмлар каталогини нашрга тайёрлаш, республика ёш олимлари миллий жамияти билан ҳамкорликда ҳужжатларнинг электрон вариантини яратиш устида иш олиб бормоқда.
Яқинда эса Хитой маданий мерос академиясининг бир гуруҳ ходимлари Хивага ташриф буюриб, қадимий шаҳардаги тарихий ва маданий ёдгорликлар билан танишди. Ташриф доирасида ёдгорликларни таъмирлаш ва асраш бўйича грант лойиҳасини амалга ошириш юзасидан ўзаро келишувга эришилди.
Тез орада бу ерда хитойлик ҳамкорлар билан тарихий обидаларни таъмирлаш, асл ҳолига келтириш ишлари бошлаб юборилади.
Изоҳ (0)