Kor UNG Ўзбекистон-Корея қўшма корхонаси 60 та автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари (АГТКС) қурилишига кредит маблағларини жалб қила олмади. Бу ҳақда UzDaily хабар берди.
ҚК UzOmanCapital инвестфонди ва қатор Корея банклари билан музокаралар олиб борди, бироқ 50 миллион доллар ҳажмидаги маблағ бўйича битим туза олмади.
Компаниядаги манбаларнинг таъкидлашича, ҚК лойиҳани молиялаштириш учун ўзбек банкларидан консорциум тузмоқчи. Бироқ лойиҳанинг баланд қиймати унинг рентабеллигига ва маблағларни қайтариш имкониятига таъсир кўрсатиши мумкин.
Дастлаб 2014 йил охиригача умумий қиймати 42,8 миллион долларга тенг 50 та АГТКС дан иборат тармоқ қуриш режалаштирилган, кейинчалик режа ўзгартирилган ва 2015 йилда 105 миллион долларлик 60 та АГТКС барпо этиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Айни пайтда ҚК тўртта АГТКС қурилишини олиб бормоқда. Лойиҳани ҚК таъсисчилари маблағлари ва жалб этиладиган кредитлар ҳисобидан молиялаштириш режалаштирилган.