Маннон Уйғур номидаги Сурхондарё вилоят мусиқали драма театрида «Сурхоннинг жажжи гўзали» кўрик-танлови бўлиб ўтди. Унда танловнинг ҳудудий босқичларида ғолибликни қўлга киритган 14 нафар қиз ўз маҳорат ва истеъдодини намойиш этди, деб ёзади ЎзА.
Тадбир «Соғлом бола йили» Давлат дастури ижроси доирасида 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ташкил этилди.
Танлов шартига кўра, жажжи қизалоқлар турли мавзудаги расмларни мустақил шарҳлаб, тез айтиш ва шеърни ёддан айтиш бўйича баҳслашди. Айниқса, улар томонидан эркин мавзуда ижро этилган қўшиқ ва рақслар йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
Термиз шаҳридаги 10-мактабгача таълим муассасасининг олти ёшли тарбияланувчиси Мадинабону Ашурова энг олий ўринга сазовор бўлди. Шунингдек, биринчи, иккинчи ва учинчи ўринлар ҳамда «Энг оқила иштирокчи», «Энг жажжи иштирокчи», »Энг мафтункор иштирокчи» каби номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Изоҳ (0)