«Соғлом бола йили» Давлат дастури доирасида Бухородаги «Саломатлик маскани» шифохонасида «Мамлакатимизда соғлом авлодни тарбиялаш йўлида яратилган шарт-шароитлар ва улардан самарали фойдаланиш масалалари: эришилган натижалар ҳамда навбатдаги вазифалар» мавзусида тадбир ҳамда аёллар учун оммавий тиббий кўрик ўтказилди. Тадбир Ўзбекистон Либерал демократик партияси Сиёсий Кенгаши ижроия қўмитаси ҳамда партиянинг Бухоро вилоят кенгаши «Аёллар қаноти» бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилди. Бу ҳақда ЎзЛиДеП матбуот хизмати хабар берди.
Тадбирда вилоят Хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди вилоят бўлимлари, «Оила» илмий-амалий маркази, Соғлиқни сақлаш бошқармаси, «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамғармаси ҳамда мутахассис-експертлар иштирок этди.
«Саломатлик маскани» хусусий шифохонасида ўтказилган тиббий кўрикда 600 нафарга яқин аёл момолог, онколог, эндокринолог, кўз ва буйрак касалликлари, жарроҳ, ултратовуш текшируви, психолог, тери-таносил хасталиклари, рентгенолог, ички касалликлар, акушер-гинекологлар қабулида бўлиб, хасталиги аниқланган аёллар тегишли даволаш муассасаларига йўлланма олди.
Таъкидлаш жоиз, ЎзЛиДеПнинг «Соғлом оила — мустаҳкам оила» лойиҳаси доирасида биргина ўтган йилда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида 250 дан зиёд тадбир ўтказилиб, унда 9000 нафарга яқин хотин-қизлар қатнашди ҳамда уларнинг 850 нафари бепул тиббий кўрикдан ўтказилди.
Жумладан, вилоятнинг Вобкент, Бухоро ва Пешку туманларида ташкил этилган тиббий кўрикларда 500 нафардан ортиқ хотин-қизлар малакали шифокорлар қабулида бўлиб, тегишли муолажа ва маслаҳатлар олди.
Изоҳ (0)