Австралиянинг Виктория штатидаги Брайерс қўрғон-музейидан Наполеон Бонапартнинг шахсий буюмлари коллекцияси ўғирланди. Бу ҳақда «ИТАР-ТАСС» хабар берди.

3518740

Фото: ЭПА

Ўғирланган экспонатлар ичида кумуш сиёҳдон, тамакидон, ичида Наполеоннинг соч толаси бўлган медальон, шунингдек, унинг эсдалик ёзуви туширилган тасма бор.

Қўриқлаш сигнализацияси ишлаб кетганидан 10 дақиқа ўтиб, музейга полиция етиб келган, бироқ унгача ўғрилар қочиб улгурган. Детектив Майкл Лемнинг тахминича, жиноятга яхшигина тайёргарлик кўрилган. У ўғирликнинг бирон-бир ашаддий коллекционер томонидан уюштирилгани ҳақидаги гумонни ҳам илгари сурмоқда.

Брайерс қўрғони Муқаддас Елена оролида туғилган Александр Битсон Балкомб томонидан XIX асрда қурилган. Наполеон оролга сургун қилингач, Балкомблар оиласи билан яқиндан танишган. Унинг шахсий буюмларини Балкомбнинг невараси йиғган.