Россиянинг Новгород вилоятида 16 март куни юз берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида Ўзбекистоннинг бир нафар фуқароси ҳалок бўлди, яна бири жароҳатланди. Бу ҳақда 78.ru хабар берди.

Ҳодиса М-10 “Россия” автомобиль йўлининг 400-километрида юз берган. Москва томондан келаётган 33 ёшли ҳайдовчи (Ўзбекистон фуқароси) бошқарувидаги Chevrolet Lacetti хавфсиз масофани сақламаганлиги сабабли олдинда кетаётган 24 ёшли йигит ҳайдаётган Volkswagen билан тўқнашган.
Зарба оқибатида Chevrolet қарама-қарши йўналишга отилиб чиқиб, у ерда 63 ёшли ҳайдовчи бошқараётган DAF русумли юк машинасига урилган. Ҳодиса туфайли Chevrolet ҳайдовчиси тез тиббий ёрдам етиб келгунга қадар воқеа жойида ҳалок бўлган, унинг 33 ёшли йўловчиси эса турли тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган.
Ҳозирда полиция ходимлари ҳодисанинг барча тафсилотларини ўрганмоқда. Воқеа жойида Давлат автоинспекцияси ходимлари ва қутқарув хизматлари фаолият олиб бормоқда. Маълумотларга кўра, ҳалок бўлган ва жабрланган шахслар Ўзбекистон фуқаролари ҳисобланади.
Россияда автоҳалокатга учраган ўзбекистонликлар
Февраль ойида Перм ўлкасида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 3 нафар ўзбекистонлик вафот этди. Ҳодиса Ўзбекистон давлат рақамига эга Lada Largus автомобили ва “Симаз” автобуси иштирокида содир бўлган.
2024 йил январида Россиянинг Пенза вилоятида йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида саккиз нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлганди. JAC русумли микроавтобус қарама-қарши йўлга чиқиб кетиши оқибатида Volvo юк машинаси билан тўқнашган. Қурбонларнинг жасади Мудофаа вазирлигининг махсус самолётида Урганч шаҳрига олиб келинган.
2024 йилнинг сентябрида Россиянинг Нижегород вилоятида содир бўлган ЙТҲда етти нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлганди. Ўша ойда Тюмен—Ханти-Мансийск автомобиль йўлида Россияда ноқонуний бўлиб турган 55 ёшли Ўзбекистон фуқароси ЙТҲга учраб, вафот этганди. Татаристонда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси натижасида ўзбекистонлик йигит оғир тан жароҳати олганди.
2024 йил ноябрида яна Пенза вилоятида содир бўлган автоҳалокатда икки нафар ўзбекистонлик вафот этди. ЙТҲ юк машинаси ва Cobalt автомобили иштирокида содир бўлган.
2024 йил декабрида Россиянинг Уляновск вилоятидаги автоҳалокатда 5 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлганди. Ўзбекистонликлар бўлган Cobalt бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўлга чиқиб кетган ва “МАЗ” юк машинаси билан тўқнашган.
Изоҳ (0)