Президентнинг “Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қарорга кўра, Ўзбекистонда 2025 йил 30 март куни Рамазон ҳайити байрами сифатида кенг нишонланади.
Меҳнат кодексининг 208-моддасига мувофиқ ишланмайдиган байрам куни ҳисобланувчи Рамазон ҳайитининг биринчи куни 2025 йилда якшанба – дам олиш кунига тўғри келиши муносабати билан ушбу дам олиш куни 31 март – душанба кунига кўчирилади.
Бунда ишлаб чиқариш-техник ва ташкилий шароитлар (мавжуд узлуксиз ишлаб чиқариш, аҳолига ҳар куни хизмат кўрсатиш, навбатчилик асосида ишлаш ва бошқалар) туфайли ишланмайдиган байрам кунлари тўхтатиб қўйиш мумкин бўлмаган ишларни бажаришда дам олиш кунлари кўчирилмайди.
Ўзбекистонда рамазон ойи 1 мартдан бошланганди. Рамазонда Ўзбекистондаги 2100 дан ортиқ масжидда таровиҳ намози ўқилмоқда, 1740 дан ортиғида Қуръони Карим хатм қилинмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази 2025 йил учун закот, фитр садақа ва фидя миқдорини эълон қилган.
Ўзбекистондан аввал Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда 2025 йилги рамазон ойи 29 кун давом этиши ва Рамазон ҳайити 30 март куни нишонланиши эълон қилинди.
2024 йилда Рамазон ҳайити 10 апрелга тўғри келганди.
Изоҳ (0)