Қозоғистон мусулмонлари диний идораси 16 июнни Қурбон ҳайит байрамининг биринчи куни деб белгилади. Мусулмонлар идораси Исломда муқаддас кунлар, кечалар ва ойлар қамарий тақвим бўйича белгиланишини маълум қилди. Бу Ойнинг ўзгарувчан фазалари асосида ҳисобланади. Янги Ой ҳилол кўриниши билан бошланади. Қамарий ой баъзан 29 ёки 30 кун давом этади.
“Зулҳижжа ойини аниқлаш учун Зулқаъда ойининг 29-кунида ойнинг фазаси кузатилади. Агар қуёш ботганда янги ой чиқса, кейинги кун Зулҳижжа ойининг бошланиши ҳисобланади. Агар ҳаво булутли ва ой кўринмаса, Зулқаъда ойи 30 кунга узаяди. Янги ой 2024 йилнинг 6 июнида бошлангани сабабли бу йил Зулҳижжа ойи 7 июнда бошланади ва арафа куни 15 июнга тўғри келади, Қурбон ҳайит 16 июнь куни бошланади”, — дейилади мусулмонлар диний идораси баёнотида.
Қозоғистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги 17 июнь (душанба) иш куни бўлишини маълум қилди.
2024 йил учун байрам ва дам олиш кунлари тақвими тузилгач, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси Қурбон ҳайити 17 июнга тўғри келиши ҳақида расман маълум қилган эди. Энди эса Қурбон ҳайити 16 июнга тўғри келишини эълон қилишди, дам олиш кунларига тўғри келадиган диний байрамларни кейинга қолдириш мумкин эмас, — дейилади вазирлик хабарида.
Изоҳ (0)