Россия маҳаллий аҳоли билан жанжаллашган марказий осиёлик мигрантни фуқаролигидан маҳрум қилиб, ватанига депортация қилди. Бу ҳақда Федерал хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, мигрант Липецк вилоятида истиқомат қилган. У бошқа шахслар билан бирга маҳаллий аҳолига қарши миллатлараро асосда можаро бошлаган.
Оғзаки жанжалда у Россия фуқароларини беҳаё сўзлар билан ҳақорат қилган, совуқ қурол (пичоқ) намойиш этган ва жисмоний зўравонлик билан таҳдид қилган, дейилади ФХХ хабарида.
Хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари иштирокидаги қўшма тадбирда мигрант қўлга олинган. У Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекснинг 20.1-моддаси 1-қисми (майда безорилик) билан маъмурий жавобгарликка тортилган. Унга 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Шунингдек, ўз ватанига депортация қилинган.
Россия ички ишлар вазирлиги унга 50 йилга мамлакатга киришни тақиқлаган. 2023 йил баҳорида президент Владимир Путин миллий хавфсизликка таҳдид солувчи ҳаракатлар ва терроризм билан боғлиқ жиноятлар учун фуқароликдан маҳрум қилиш имконини берувчи фармонни имзолаганди. Биринчи марта бундай чора ўша йилнинг охирида Москвада Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми (гиёҳванд моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сақлаш ёки муомалага киритиш) бўйича судланган эркакларга нисбатан қўлланилган.
Изоҳ (0)