Ўзбекистонда “Док-1 Макс” воқеаси сабаб ногирон бўлиб қолган болаларга давлат томонидан тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров журналистлар билан суҳбатда маълум қилди, дея хабар берди “Дарё” мухбири.
Асилбек Худаяровнинг айтишича, вазирликда “Док-1 Макс” дориларини истеъмол қилиш оқибатида ногиронга айланган болалар рўйхати бор.
“Док-1 Макс” воқеаси сабаб ногирон бўлиб қолган болалар ҳолидан хабар оляпмиз. Асорати борларига кафолатланган тиббий ёрдам кўрсатяпмиз. Бу иш бўйича ҳали суриштирув ва тергов жараёнлари давом этмоқда. Вазир вазифасини бажарувчи сифатида айтаманки, баъзи бир касаллик асоратлари бўлади. Улар ногиронликка олиб келгандан кейин органик ёки физиологик бузилишлар бўлади. Физик бузилиш бўлса, тўғрилаш мумкин. Органик бузилиш бўлса, уни фақат асорати билан шуғулланишимиз керак. Рўйхатимиз бор, уларга ёрдам бериляпти”, деди вазир.
“Док 1 Макс” воқеаси
2022 йил декабрда Самарқанд вилоятида “Док-1 Макс” дори воситасидан заҳарланиб, 15 нафар бола вафот этган ҳақида хабарлар тарқалди. Маълум бўлишича, мазкур дорилар Ҳиндистоннинг Мarion Pvt. Ltd компанияси томонидан ишлаб чиқарилган. Препарат ва сиропларни қабул қилган беморларда ножўя таъсирлар кузатилган. Экспертиза натижаларига кўра, “Док-1 Макс” шамоллашга қарши препарат ва сироп бўлиб, маҳсулотнинг бир неча партиясида заҳарли моддалар аниқланган. Мазкур ҳолатдан сўнг мамлакатдаги барча дорихоналарда мазкур дори воситасининг сотилиши тақиқланиб, улар савдодан қайтариб олинган.
Расмий маълумотларга қараганда, “Док-1 Макс” Ўзбекистонда 68 нафар бола ўлимига, 16 нафар боланинг ногиронга айланишига сабаб бўлган. Мазкур ҳодиса юзасидан ўтказилган суд иши жорий йил 26 февралда якунига етди. Тошкент шаҳар судларининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан сироп воқеасида айбланаётган 23 нафар судланувчига ҳукм ўқилди.
Ҳукмга асосан, Ҳиндистон фуқароси, Quramax Medical МЧЖ директори Сингҳ Рагвендра Пратарга 20 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. У жазони ўтаб бўлгач, Ҳиндистонга депортация қилинади. Шунингдек, Фармагентликнинг собиқ раҳбари Сардор Кариев 18 йил, унинг ўринбосарлари бўлган Амирхон Азимов ва Нодирбек Мусаевга 16 йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазоларни умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
Шунингдек, “Док-1 Макс” ишини кўриб чиққан судлов ҳайъати сиропдан заҳарланиб вафот этган 68 нафар боланинг қонуний вакилларига 6 нафар судланувчи ҳисобидан солидар тартибда 1 миллиард сўмдан товон пули ундирилишини белгилади. Оғир тан жароҳати олиб ногирон бўлиб қолган 16 нафар ва енгил тан жароҳати олган жабрланувчиларнинг қонуний вакилларига 500 миллион ва 200 миллион сўм миқдорида товон пули ундириладиган бўлган.
Июль ойи бошида “Док-1 Макс” иши бўйича апелляция инстанцияси дастлабки ҳукмни ўзгаришсиз қолдирган.
Изоҳ (0)