Иқтисодиёт ва молия вазирлиги “2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ва Бюджетнома ишлаб чиқилганини эълон қилди.
Бюджетномада 2025 йил учун солиқ сиёсати тақдим этилди. Унга кўра, асосий солиқ ставкалари ўзгаришсиз қолади.
2025 йилнинг 1 апрелидан таркибида шакар бўлган нафақат газли ичимликлар, балки чой, шарбат ва бошқа газланмаган шакарли ичимликларнинг 1 литри учун 500 сўм миқдорида акциз солиғи жорий этилади. Бундан ташқари, таркибида ширинлаштирувчи ёки хушбўйлантирувчи моддалар бўлган газланган ичимликлар 1 литри учун амалдаги 500 сўмлик солиқ 300 сўмга туширилади.
Шунингдек, барча тадбиркорлик субъектлари учун сув солиғи саноат корхоналари билан бирхиллаштирилади (760 сўм). Шу билан бирга, “автомойка”лар учун сув солиғи 1 куб метр учун 15 минг сўм қилиб белгиланмоқда. Амалда бу 2700 сўм.
Маълумот учун, тармоқларда битта автомашинани ювиш учун ўртача 50-60 литр сув кетиши айтилган. Бугунги кунда Ўзбекистонда бир “автомойка”да 2-3 та автомашина ювиш учун жой бор.
Бир кун давомида автомашина ювиш шохобчаларида 20 та машина ювиладиган бўлса, 1 тонна сув кетиши мумкин.
Бундан ташқари:
- мол-мулк ва ер солиғи 10 фоизга оширилади;
- мобил алоқа хизматлари учун акциз солиғи бекор қилинади;
- импорт қилинган табиий газ учун ҳам ички қазиб олинган табиий газни реализация қилишдаги каби акциз солиғи тартиби жорий этилади. Акциз ставкаси 20 фоиздан 12 фоизга туширилади;
- ЯТТлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкаси 10 фоизга оширилади. Фаолият тури, жойлашган ҳудудига қараб энг кам ва энг юқори солиқ ставкалари диапазони белгиланмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистонда 2025 йилда иш ҳақи ва пенсияларни оширишга қанча маблағ ажратилиши маълум қилингани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)