Интернетда АҚШнинг Миннесота штатига қарашли хусусий оролда жойлашган ҳашаматли Windermere қарсининг суратлари пайдо бўлди. Кошона ичида бешта ётоқхонадан ташқари, саккизта автомобилга мўлжалланган махфий гараж ва ўз «автомойка»си бор. Қароргоҳнинг олдинги эгаси тўрт йилга қамалгани сабаб, ноёб лойиҳанинг қурилиш ишлари тўхтаб қолган, деб хабар беради Motor.
Windermere кошонасини қуриш 2003 йилда бошланган, бироқ орадан уч йил ўтгач, унинг эгаси солиқ тўламагани учун қамоққа олинган. Орадан қарийб 20 йил ўтгач, иншоотни қуриш ишлари якунланган. Хусусий оролда жойлашган ҳашаматли лойиҳа 1296 квадрат метр майдонга эга улкан кошонани ўз ичига олади. Ҳудудга фақат ягона тор кўприк орқали бориш мумкин.
Тўрт қаватли бино ичида бешта ётоқхона, тўққизда ваннахона, шахсий кинотеатр ва сауна, шунингдек, лифт ва бир нечта дам олиш хоналари мавжуд. Қасрнинг ўзига хос жиҳати — саккизта автомобилга мўлжалланган ер ости гаражи ва шахсий «автомойкаси». Махфий ҳудудга фақат маскировка қилинган туннел орқали бориш мумкин.
Номаълум сабабларга кўра, Windermere’нинг ҳозирги эгаси кошонани сотувга қўйган. Ноёб лойиҳани 15 миллион долларга харид қилиш мумкин.
Аввалроқ Британияда олов пурковчи аждаҳоси бўлган қалъа сотувга қўйилгани, пандемия туфайли дунёда хусусий оролларга талаб ортиб бораётгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)