ФВБ Тошкентда Tesla электромобили ёниб кетгани ҳақида хабар берган эди. Ички ишлар бош бошқармаси ҳолат қасддан содир этилганини маълум қилди.
Хабарга кўра, ҳолат 17 апрель куни тахминан соат 23:40 ларда Мирзо Улуғбек тумани, Яланғоч даҳаси ҳудудида жойлашган автотураргоҳларнинг бирида содир этилган. 1988 йилда туғилган М.Ж. ўзаро келишмовчилик сабабли таниши 1983 йилда туғилган Н.К.га тегишли Tesla русумли автомашинани ёқиб юборган.
Кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида фуқаро М.Ж. ушланган. Мазкур ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 173-моддаси (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.
Бундан аввал Тошкент шаҳар Юнусобод туманида бетон тўсиққа урилган электромобиль ёниб кетган эди. BYD ҳайдовчиси рул бошқарувини йўқотиб, йўлни ажратиб турувчи бетон тўсиққа урилиши натижасида ёнғин келиб чиққан.
Тўқнашув натижасида ҳайдовчига шифокорлар томонидан тиббий ёрдам кўрсатилган.
Шунингдек, Тошкент шаҳар Чилонзор туманида Zeekr электромобили ёниб кетган. Ёнғин қарийб бир соатда ўчирилганди.
Изоҳ (0)