Президентнинг “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Фармонга кўра, Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг 2025 йил 5 мартда ўтказилган кенгайтирилган йиғилишида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати ва амалий чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Коррупция ва жиноятчиликка қарши курашишда парламентнинг ролини тубдан ошириш мақсадида Олий Мажлис палаталарига қуйидагилар тавсия этилди:
- ҳар йили бюджетдан энг кўп маблағ оладиган учта вазирлик ва идорада коррупциявий омилларни аниқлаб, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритиш;
- вазир ва ҳокимлар лавозимига номзодлар тегишлича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари кенгашларида кўриб чиқилаётганда улар томонидан коррупциянинг олдини олиш бўйича аниқ режа ҳимоя қилинишига оид тартибни қонун ҳужжатларида белгилаш;
- халқаро тажрибани ўрганиб, кибермаконда коррупцияга қарши самарали курашиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий база яратиш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш;
- ишчи гуруҳ тузиб “жиноятчиликка қарши курашиш ҳафталиги”да ҳар ойнинг 1–5 саналарида “қизил” тоифадаги маҳаллаларда жиноятларнинг келиб чиқиш сабабларини чуқур таҳлил қилиш;
- ҳудудий прокурорлар ва ички ишлар органлари бошлиқлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича тавсиялар бериш ҳамда халқчил ташаббуслар асосида қонунларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.
Фармонга кўра, иқтисодиётда коррупциявий омилларнинг олдини олиш мақсадида:
- давлат харидларида сотиб олинадиган товар ва хизматлар нархи ҳамда унинг ўртача бозор нархи ўртасидаги тафовутнинг энг кўп йўл қўйиладиган чегарасидан четга чиққан ҳолда харидларни амалга оширган мансабдор шахслар жавобгарликка тортилади;
- 2025 йилнинг 1 июлидан йирик инвестиция лойиҳаларида коррупцияга қарши халқаро стандартлар ҳамда йирик аукцион шартларини рақобатбардошлик экспертизасидан ўтказиш тартиби жорий этилади;
- “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими қамрови янада оширилиб, босқичма-босқич халқаро ташкилотлар иштирокидаги лойиҳаларга жорий қилинади.
2025 йил якунича халқаро тендер объектлари бўйича субпудратчилар “Шаффоф қурилиш” тизими орқали жалб қилинади. Шунингдек, қиймати 2 млн долларигача бўлган халқаро молия ташкилотлар ҳисобидан молиялаштириладиган маҳаллий тендерлар “Шаффоф қурилиш” тизимида ўтказилади.
Шу билан бирга, халқаро тендерлар бўйича жалб қилинган чет эл пудрат ташкилотлари шартнома қийматининг камида 60 фоизини ўз кучи билан бажариш тартиби жорий этилади. 2026 йил 1 январгача вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар томонидан кўрсатиладиган барча давлат хизматларини туман (шаҳар) кесимида аҳолининг ўзи баҳолайдиган тизим жорий этилади.
Бунда аҳоли томонидан “қониқарсиз” деб баҳоланган вазирлик, идора раҳбарлари ҳамда туман (шаҳар) ҳокимлари шахсий жавобгарлиги белгиланади.
Сунъий интеллект асосида аҳолининг кундалик ҳаётида учрайдиган саволларига мобил телефон орқали содда ва қулай шаклда жавоб олиш имкониятини берадиган онлайн платформа ишга туширилади.
Изоҳ (0)