Ўзбекистонда божхона омбори режимида сақлаш муддати ўтган товарлар 90 кун ичида талаб қилиб олинмаган ҳолларда улар суд қарори асосида давлат эгалигига ўтказилади ҳамда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тасарруф этилади. Бу ҳақда “Давлат божхона хизмати органларининг фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармонида белгиланди.

Фармонга асосан, давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини оширишнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари қуйидагилар этиб белгиланди:
- 2030 йилга қадар Жаҳон банкининг Логистика самарадорлиги индексида (ЛПИ) божхона расмийлаштируви самарадорлиги кўрсаткичи бўйича Ўзбекистоннинг ўрнини 55-поғонадан паст бўлмаган даражага кўтариш;
- 2026 йилга қадар божхона декларацияларини инсон омилисиз расмийлаштирув улушини 2 баробарга ошириш;
- 2028 йилга қадар божхона кўригини 21 фоиздан 15 фоизга тушириш;
- 2030 йилга қадар сунъий интеллект элементларидан фойдаланган ҳолда хавфни бошқариш тизими самарадорлигини 2 баробарга ошириш.
Ташқи иқтисодий фаолиятда бир қатор қулайликлар яратилади.
2025 йил 1 июлдан ветеринария ва фитосанитария соҳасида ташқи савдо юкларига тегишли ҳар қандай ҳужжатларга муҳр ва штамп босиш ҳамда уларни ёзма тарзда рўйхатга олиш амалиёти бекор қилинади, барча тартиботлар ушбу ҳужжатларни электрон шаклда тасдиқлаш орқали амалга оширилади (товарлар экспортида халқаро шартномаларда қатъий белгиланган ҳолатлар бундан мустасно).
2025 йил 1 сентябрдан тадбиркорлик субъектларига божхона тўловлари ва божхона расмийлаштируви учун бошқа турдаги тўловларни республиканинг исталган ҳудудидан амалга ошириш имконияти яратилади, бунинг учун ягона ғазна ҳисобварағи очилади.
2025 йил 1 ноябрдан ўтказиш пунктлари орқали ҳаракатланаётган йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида йўловчи божхона декларациясининг мобил иловаси амалиётга жорий этилади.
2025 йил 1 декабрдан божхона ҳудудида ёки ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш режимларида божхона юк декларацияларини соддалаштирилган тартибда расмийлаштириш имконини берувчи “Толлинг операциялари” модули амалиётга жорий этилади.
2025 йилда божхона соҳасини ривожлантиришнинг асосий мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланди:
- соҳага сунъий интеллект технологияларини жорий этиш;
- божхона органлари ахборот тизимларини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш;
- божхона органлари ташкилий тузилмаларини оптималлаштириш.
Божхона қўмитаси тизимида Божхона расмийлаштируви маркази ташкил этилади. Бунда ҳудудий бошқармаларнинг масофавий электрон декларациялаш божхона постлари босқичма-босқич тугатилади.
Божхона қўмитаси таркибида божхона соҳасига сунъий интеллект технологияларини жорий этишга ихтисослашган тузилма ташкил этилади. Тузилманинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди: сунъий интеллект технологиялари соҳасида илғор хорижий давлатлар тажрибаларини ўрганиш, божхона назорати ва расмийлаштирувини қамраб олган сунъий интеллект технологияларини тадқиқ қилиш, уларнинг самарали ишлашини таъминлаш ҳамда доимий тарзда сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш чораларини кўриш.
14 март куни президентнинг “Маҳсулотлар экспорти тартиб-таомилларини такомиллаштириш ва қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармони қабул қилинганди. Фармон билан 86 турдаги товарга экспорт божхона божлари жорий қилинди.
Изоҳ (0)