Саудия Арабистони майдонларида ўтказилган 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионати якунланди. Финалда Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Саудия Арабистони жамоасини 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, қитъа чемпионлигини қўлга киритди.

Учрашув жуда драматик тарзда бошланди. Ўйин бошида анча фаол ҳаракат қилган Исломбек Исмоилов жамоаси биринчи таймда 9 киши бўлиб қолди. Дастлаб, 40-дақиқада Нурбек Сарсенбаевга қизил карточка кўрсатилган бўлса, 45-дақиқасида Миразиз Абдукаримов ҳам майдондан четлатилди.
Иккинчи таймда Ўзбекистон ҳисобда олдинга чиқиб олди. Учрашув ҳаками Саудия Арабистони дарвозасига пенальти белгилади ва уни Муҳаммад Ҳакимов аниқ амалга ошириб, жамоасининг ўйиндаги илк голига муаллифлик қилди.
Голдан кейин мезбонлар бир қанча ҳужум уюштиришга ҳаракат қилди, лекин Ўзбекистон терма жамоаси дарвозабони Неъматулла Рустамжонов яққол голлардан жамоасини сақлаб қолди.
70-дақиқада Ўзбекистон ўйиндаги иккинчи голини киритди. Чап қанотдан ҳужум уюштирган Садриддин Ҳасанов бир ҳаракат билан бирга-бир вазиятга чиқиб кетди ва ажойиб тарзда рақиб дарвозасини ишғол қилди. Ўйиннинг қолган дақиқалари ҳам қизғин курашлар остида кечди, бироқ дарвозаларга бошқа тўп киритилмади.
Шу тариқа Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси барча рақибларини енгган ҳолда Осиё чемпионига айланишди.
U-17 Осиё чемпионати
Финал
10 апрель, якшанба
Саудия Арабистони — Ўзбекистон 0:2
Голлар: 0:1 — Муҳаммад Ҳакимов (50, пенальти), 0:2 — Садриддин Ҳасанов (70)
Изоҳ (0)