Футбол бўйича U-17 Осиё Кубогининг 2-турида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси 20 июнь, сешанба куни Ҳиндистонга қарши баҳс юритди.
Учрашувнинг биринчи бўлимида ҳисоб ўзгармади. Иккинчи бўлим охирлаб бораётганда Муҳаммадали Раимов Ўзбекистонга ғалаба келтирган гол муаллифига айланди.
D гуруҳининг иккинчи ўйинида Япония ўсмирлари Вьетнамни 4:0 ҳисобида таслим этди.
1-турда Ўзбекистон футболчилари Японияга қарши баҳс олиб борган ва ўйинда 1:1 ҳисоби қайд этилганди.
Сўнгги тур олдидан Япония ва Ўзбекистон жамоалари 4 очкодан тўплаб, гуруҳда пешқадам бўлиб турибди. 3-турда Ўзбекистон Вьетнамга қарши, Япония эса Ҳиндистонга қарши тўп суради. Ўйинлар 23 июнь куни бўлиб ўтади.
Гуруҳда биринчи ўринни эгаллаган жамоа чорак финалда C гуруҳи 2-ўрин эгаси билан ўйнайди. Айни вақтда Австралия, Хитой ва Тожикистон ушбу ўринга даъвогар. Мазкур гуруҳда биринчи ўрин масаласини ҳал қилиб қўйган Саудия Арабистони эса D гуруҳида иккинчи ўринни олган жамоа билан ўйнайди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур мусобақада ярим финалига чиққан жамоалар U-17 Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритади.
U-17 Осиё Кубоги—2023
2-тур баҳслари
20 июнь, сешанба
Ўзбекистон – Ҳиндистон 1:0
Гол: 1:0 – 81 Раимов.
Вьетнам – Япония 0:4
Голлар: 0:1 – 2 Мичиваки, 0:2 – 59 Мочизуки, 0:3 – 66 Сато, 0:4 – 74 Мочизуки.
Изоҳ (0)