“Замонавий биржа механизмларини жорий этиш орқали биржа савдоларида нархлар ўзгаришининг олдини олишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди.

Ҳужжатда қайд этилишича, биржа савдоларида бозор комюктурасини ҳисобга олган ҳолда, реал нархни шакллантиришнинг замонавий механизмларини жорий этиш, соғлом рақобат ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, товар-хом ашё биржалари ҳамда биржа иштирокчилари фаолиятида қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олиш механизмларини такомиллаштириш мақсад қилинган.
Қарорга кўра, 2025 йил 15 июлдан бошлаб монопол корхоналар ва (ёки) устав фондида (капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахс, устав фондининг (капиталининг) 50 фоизи ва ундан ортиғи устав фондида (капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахс томонидан ишлаб чиқарилган:
- хлорид ва нитрат кислоталари;
- натрий сианид;
- гипохлорит натрий;
- суюқ азот, суюқ хлор;
- рух белиласи;
- ферромолибден, базалт, фосфорит ва доломит уни маҳсулотларини барча харидорларга ички бозорда фақат биржа савдолари орқали бозор тамойиллари асосида сотилади.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасида икки томонлама қарама-қарши аукцион орқали биржа савдоларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Икки томонлама қарама-қарши аукцион — биржа савдоларида амалга ошириладиган ва бир вақтнинг ўзида товарларни сотиш бўйича ўз таклифларини киритувчи сотувчилар ҳамда сотиб олиш учун ўз таклифларини таклиф қиладиган харидорлар иштирок этадиган аукцион.
Товарларни икки томонлама муқобил аукцион режимида савдога қўйишга рухсат беришга биржанинг Листинг комиссияси томонидан уларни биржа котировкалаш варағига киритиш йўли билан йўл қўйилади.
Республика товар-хом ашё биржаси 2025 йил 1 июнгача икки томонлама қарама-қарши аукцион савдолари тизимини йўлга қўйиш, биржа савдолари иштирокчиларига қўшимча қулайликлар яратишга ҳамда уларнинг масъулиятини оширишга қаратилган бир қатор механизмларни жорий қилади.
Жумладан, икки томонлама қарама-қарши аукцион савдоларида сотилган маҳсулотларни ягона юклаш манзили принципи асосида фаолият кўрсатувчи “биржа омбори” хизматлари республиканинг ҳар бир ҳудудида йўлга қўйилади ва уларни Республика биржасида рўйхатдан ўтказиш тартиби ишлаб чиқилади.
Биржа аъзоларини янги савдо воситалари бўйича ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда якуни бўйича уларга тегишли малака сертификатларини бериш йўлга қўйилади.
Биржа аъзолари ва биржа савдоларида иштирок этувчиларнинг “ишончлилик” рейтинги юритилади. Биржа иштирокчилари “юқори савдо айланмаси — юқори даромад” тамойили асосида рағбатлантирилади.
Изоҳ (0)