АҚШ давлат котиби Марко Рубио турли мамлакатларга 215 миллион долларлик ташқи ёрдам ажратишни бекор қилди. Мазкур давлатлар қаторида Ўзбекистон ҳам бор. Бу ҳақда Давлат самарадорлиги департаменти (DOGE) маълум қилди.

Ўзбекистонга “фуқаролик иштирокини ривожлантириш” бўйича 2,5 миллион доллар ажратиш режалаштирилган эди.
Давлат котиби Рубио бугунги кунда 215 миллион долларлик 139 та “фойдасиз” грантни бекор қилиб, давлат департаментининг хорижий ёрдамини диққат билан кузатиб боришда давом этмоқда, дейилади DOGE хабарида.
Бундан ташқари, Қирғизистон, Арманистон, Шри Ланка, Буюк Британия, Молдова, Бразилия, Беларусь, Болгария, Мавритания, Ливан ва Тунисдаги лойиҳалар учун ҳам грант ажратиш тўхтатилган. Европада 1,7 миллион долларлик “Тинчлик ва демократия учун мустақил оммавий ахборот воситалари” лойиҳаси ҳам қисқартирилмоқда.
Беларусда таъсир кўрсатган лойиҳалардан бири 2,4 миллион долларлик “Дезинформацияга креатив контент билан жавоб бериш” деб номланган ташаббусдир. Қирғизистон учун эса “Фуқаролик жамияти барқарорлиги ва мослашувини таъминлаш” лойиҳаси учун 750 минг доллар ажратилиши керак эди.
АҚШда ҳукумат самарадорлиги департаменти (DOGE) раҳбари Илон Маск ҳисобланади. У ортиқча қоидаларни, керакcиз харажатларни камайтириш ва федерал агентликларни қайта ташкил этиш билан шуғулланади.
Трамп маъмурияти давлат департаменти бюджетини деярли икки бараварга қисқартиришни режалаштирмоқда. Оқ уй давлат департаменти ва Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) фаолияти учун 28,4 миллиард доллар ажратишни таклиф қилмоқда. Бу Конгресс томонидан 2025-молия йили учун тасдиқланганидан 27 миллиард долларга ёки 48 фоизга кам.
Халқаро ташкилотларга ажратиладиган маблағлар ҳажми янада кўпроқ — деярли 90 фоизга камайиши кутилмоқда. БМТ, НАТО ва бошқа 20 та халқаро институт тинчликпарвар операцияларни молиялаштиришни бутунлай тўхтатиш режалаштирилган. Бундан ташқари, бюджетда Исроил ва Миср каби баъзи иттифоқчиларга қуролли кучларни ривожлантириш учун 5,1 миллиард доллар миқдоридаги грантларни сақлаб қолиш кўзда тутилмоқда.
АҚШ гуманитар ёрдам харажатларини 54 фоизга, глобал соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштиришни эса 55 фоизга қисқартириши мумкин.
Изоҳ (0)