Nike ва Hyperice спортчиларга оёқлар тезроқ қизиб олиши ва тикланишига ёрдам берадиган футуристик Hyperboot кроссовкаларини сотувга чиқарилишини эълон қилди. Ушбу модел биринчи марта ўтган ёзда тақдим этилган эди, сотуви эса 17 май куни Шимолий Америкада 899 доллардан бошланади. Кейинчалик бошқа мамлакатларда ҳам сотувга чиқариш режалаштирилган.

Hyperboot — бу икки хил ҳаво камераси ва иситиш элементларидан иборат тизим билан жиҳозланган баланд кроссовкалар бўлиб, улар бутун пойабзал устига бир текис иссиқлик тарқатади. Компрессия ва иситишнинг комбинацияси оёқ ва тўпиқ мушакларини фаоллаштиради, бу эса машғулот бошланишидан олдин ҳам ўзингизни енгил ҳис қилишингизга ёрдам беради.

Nike компаниясининг спортчилар учун инновациялар бўйича катта директори Тоби Хетфилднинг сўзларига кўра, танани юкламаларга тайёрлаш — пре-cоверй тушунчаси тобора муҳим бўлиб бормоқда. Hyperboot сизга жой ва вақтга боғланмасдан тўғридан-тўғри юриш пайтида қизиб туриш ва тикланишни бошлаш имконини беради.

Моделни синовдан ўтказган профессионал спортчилар ва ҳаваскорлар ушбу технология уларнинг одатий қизиб туриш ва тикланиш жараёнларини, нафақат жисмоний, балки руҳий жиҳатдан ҳам сезиларли даражада яхшилаганини таъкидлайдилар. Югурувчи Шакарри Ричардсон Hyperboot саёҳатлар ва мусобақаларда вақтни тежашга ёрдам беришини ва унинг оёқлари йўлга чиқишдан олдин ҳам стартга тайёр бўлишини айтди.

Пояфзал учта иситиш даражасини — 44, 48 ва 52 °C ва учта компрессия режимини — 50, 130 ва 210 мм Ҳг таклиф этади. Созламаларни кроссовкалардаги тугмалар ёрдамида қўлда, шунингдек, Hyperice мобил иловаси орқали ўзгартириш мумкин. Ўрнатилган батареялар 1,5 соатгача автоном ишлайди. Бир жуфт пойабзалнинг оғирлиги 1,7 кг.

Hyperice асосчиси Энтони Кацнинг сўзларига кўра, Hyperboot’ни чиқариш Nike билан узоқ йиллик ҳамкорликнинг натижаси ва спортчилар учун инновацион пойабзал ва кийим-кечак ривожланишидаги биринчи қадамдир. Гарчи янгилик биринчи навбатда спортчиларга мўлжалланган бўлсада, уни истаган ҳар бир киши — шу жумладан, кўп вақтини оёқда ўтказадиганлар ҳам фойдаланиши мумкин.
Изоҳ (0)