АҚШ ўт очишни тўхтатиш бўйича Украинага ўз таклифларини етказди. Мазкур таклифлар Қримни Россияники деб тан олишни, Украинанинг НАТОга аъзо бўлишини истисно этишни назарда тутади. Бу ҳақда манбаларга таяниб, Wалл Стреет Жоурнал хабар берди.

Таклифлар 17 апрель куни Оқ уйнинг юқори лавозимли амалдорлари томонидан Украина ва Европа расмийларига тақдим этилган ҳужжатда келтирилган. Вашингтон бу борада Киевнинг муносабатини кутмоқда. Агар томонлар позициялари мос келса, таклифлар Россияга ҳам тақдим этилиши мумкин.
АҚШ ўзини мустақил деб эълон қилган Донбасс республикалари, шунингдек, Запорожье ва Херсон вилоятлари устидан Россиянинг назоратини тан олмайди. Бироқ бу ҳудудлардан Россия қўшинларини олиб чиқиш талаби илгари сурилмаган.
Украинанинг босиб олинган тўртта вилояти ҳолати
Мазкур ҳудудларнинг Россияга тегишли деб халқаро даражада тан олиниши ва у ердан Украина қўшинларининг тўлиқ чиқиб кетиши ўтган йили Россия президенти Владимир Путин томонидан тинчлик музокараларини бошлаш учун шарт сифатида илгари сурилган. Киев бу талабларни ультиматум деб атаган. Россия ҳам, Украина ҳам ҳудудий ён бериш имкониятини истисно этади.
Оқ уйнинг таклифлари Запорожье атом электр станцияси (ЗАЭС) атрофидаги ҳудудларга нейтрал мақом бериш ва бу ҳудудларни АҚШ назорати остига топширишни ҳам назарда тутади. АҚШ Украина армияси сонини чеклашни таклиф қилмаяпти, Ғарбнинг ҳарбий ёрдам кўрсатиш ёки Европа қўшинларини Украина ҳудудида жойлаштириш имкониятини ҳам истисно қилинмаган.
АҚШ Давлат департаментининг юқори мартабали вакили таклифлар “ол ёки кет” тамойилига асосланмаганини, балки Киевдан уларни синчиклаб кўриб чиқиш сўралганини таъкидлаган.
Бу фақат эҳтимолий вариантлар рўйхати бўлиб, улар муҳокама ва фикр-мулоҳаза олиш учун тақдим этилган, дея изоҳ берган у.
Муросасиз позициялар
Таклифлар на Украина, на Россия талабларига тўлиқ жавоб бермайди. Украина Қримнинг аннексиясини тан олишни истамайди, Россия эса босиб олинган яна тўртта ҳудудни ўзининг ҳудуди деб ҳисоблайди.
Ғарб расмийларининг фикрича, бу таклифлар Россиянинг бошқа талабларини — Украина қуролли кучлари сонини чеклаш, Киевга ҳарбий ёрдамни тўхтатиш ва Украинада Европа қўшинларини жойлаштирмаслик масалаларини ўз ичига олмайди.
Изоҳ (0)