Бош консулхона Истанбулдаги зилзилада кучли қўрқув сабаб ўзбекистонлик фуқаро вафот этганини маълум қилди.

Хабар қилинишича, 2025 йил 23 апрель куни Истанбул шаҳрида яшаган ўзбекистонлик фуқаро юрак етишмовчилиги оқибатида вафот этди. Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу ҳолат Истанбулда содир бўлган зилзила вақтида юқори қаватда турган фуқаронинг кучли қўрқув ҳолатига тушиши натижасида юз бергани айтилмоқда.
Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси марҳумнинг жасадини ватанга юбориш бўйича зарур консуллик-ҳуқуқий ва ташкилий чораларни кўрмоқда.
Кечаги зилзила ҳақида
23 апрель куни маҳаллий вақт билан соат 12:49 да Силиври тумани (Истанбул вилояти)да 6,2 балли ер қимирлаши қайд этилди. Эпицентр Мармара денгизи ҳудудида, шаҳар марказидан тахминан 40 км жануби-ғарбда жойлашган.
Зилзила Истанбулнинг барча туманларида ҳамда қўшни вилоятларда, жумладан Измирда ҳам сезилди. Кўплаб аҳоли бинолардан чиқиб, очиқ жойларда тўпланган. Маҳаллий ҳокимиятлар маълумотига кўра, жиддий вайронагарчилик ёки ҳалок бўлганлар қайд этилмаган. Бир фуқаро бинодан чиқиб кетиш пайтида жароҳат олгани хабар қилинмоқда.
Асосий силкинишдан сўнг бир неча афтершоклар кузатилди, улардан энг кучлиси 5,3 магнитудада бўлган. Ҳокимиятлар аҳолини зарар кўрган биноларга кирмасликка ва хавфсизлик чораларига амал қилишга чақирмоқда.
Истанбул губернаторлиги маълумотига кўра, зилзила натижасида ҳеч ким ҳалок бўлмаган. 151 нафар фуқаро қўрқув сабаб баландликдан сакраган ҳолда тан жароҳати олиб, касалхоналарда даволанмоқда. Уларга ҳеч қандай ҳаётий хавф йўқ.
Шунингдек, Фатиҳ туманида ташландиқ бино қулаб тушган, аммо ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабр кўрмаган.
Бош консулхона маҳаллий фавқулодда хизматлар билан доимий алоқада бўлиб, вазиятни кузатишда давом этмоқда.
Туркияда 2023 йил 6 февраль куни Қаҳрамонмараш вилоятида 7,7 ва 7,6 магнитудали зилзилалар тўққиз соат фарқ билан содир бўлганди. Туркия ҳукумати зилзилаларни “аср фалокати” деб атаган. Зилзила оқибатида 53 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган, 107 мингдан ортиқ киши жароҳат олган. Туркиялик етакчи сейсмолог Нажи Герюр Истанбулда 7 ва ундан юқори магнитудали зилзила эҳтимоли 60 фоиздан ошишини айтганди.
Изоҳ (0)