Туркия ғарбида зилзила содир бўлди, ер силкинишлари Истанбулнинг Европа қисмида ҳам сезилди, деб хабар бермоқда “РИА Новости”.
Маҳаллий вақт билан 10:43 да камида учта силкиниш содир бўлган. Табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш бошқармаси сейсмологлари маълумотларига кўра, 5,1 магнитудали зилзила эпитцентри Бурса вилоятининг Муданя шаҳри яқинида жойлашган, зилзила ўчоғи эса атиги беш километрдан озроқ чуқурликда ётган.
Туркия Ички ишлар вазирлиги раҳбари Али Ерликая Х ижтимоий тармоғида маълум қилишича, мутахассислар зилзиладан кейин зарарни текширишга киришган.
Олимлар Истанбул ва Мармара денгизида 7 баллдан юқори кучли зилзила бўлишини, бунинг иқтисодий оқибатлари бутун Туркияга сезилишини башорат қилмоқда.
Истанбул мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 35 фоизини таъминлайди. Шаҳар мэри Экрем Имомўғли зилзила бўлиши муқаррар, аммо фалокат қачон юз беришини аниқ башорат қилиб бўлмайди, деб айтган. У зилзила оқибатларини бартараф этиш режаларини тақдим этган. Шаҳар мэрияси ҳисоб-китобларига кўра, 7,5 магнитудали зилзила содир бўлган тақдирда, камида 90 минг бино вайрон бўлиши мумкин, 4,5 миллионга яқин фуқаро вақтинчалик уй-жойга муҳтож бўлади.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 6 февралида Туркия жануби-шарқида ва Сурия шимолида 7,8—7,5 магнитудали кучли зилзилалар содир бўлди, ҳар икки мамлакатда 60 мингга яқин одам ҳалок бўлди.
Туркияда вайронагарчилик кўлами шаҳарсозлик стандартлари ва ишлаб чиқарувчиларнинг масъулиятсизлиги ҳақидаги мунозараларни кучайтирди, табиий офатдан кейин қурилиш бизнеси вакилларини ҳибсга олиш бошланди. Июль ойи ўрталаригача 350 киши ҳибсга олинган.
Изоҳ (0)