Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир Сурия президенти Аҳмад аш-Шараъни ўлдиришга чақирди. Бу ҳақда The Times of Israel хабар берди.

Вазир халққа қилган мурожаатида яҳудий давлати Сурия президентини ўлдириши кераклигини айтди. У Исроил “илоннинг бошини узиши” лозимлигини маълум қилди. Вазирнинг баёноти Исроилнинг 16 июль куни Сурияга берган зарбалари ва асосан друзлар истиқомат қилувчи Сувайда вилоятидаги тартибсизликлар ортидан янгради.
Суриядан олинган даҳшатли кадрлар бир нарсани исботлайди: бир марта жиҳодчи бўлган киши абадий жиҳодчи бўлиб қолади. Кимки одам ўлдирса, мўйловини қирқса, хўрласа ва зўрласа, у билан музокара олиб бориб бўлмайди. Бундай вазиятда қилиниши мумкин бўлган ягона нарса — ал-Жулонийни йўқ қилишдир, деди Итамар Бен-Гвир.
Сурияда друзлар ва араб қабилалари ўртасида қуролли тўқнашувлар юз берган эди. Можаро бадавийларга тегишли машиналар тортиб олиниши билан бошланган. Тўқнашувлар оқибатида камида 30 киши ҳалок бўлган, 100 дан ортиғи яраланган. Сурия Мудофаа ва Ички ишлар вазирликлари вазиятни бостириш учун Сувайдага қўшимча кучларни юборган. Бироқ уларнинг ҳарбий колонналари ҳужумга учраган. Оқибатда 18 аскар ҳалок бўлган, 9 нафари асирга олинган
Шундан сўнг Исроил друзларни ҳимоя қилиш даъвоси билан Сурия армияси ва Мудофаа вазирлигига қарашли бир нечта объектга зарбалар берган.
Жумладан, Дамашқдаги Сурия бош штаби ҳужумга учраган, президент саройининг атрофи нишонга олинган. Томонлар 16 июль куни кечқурун ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришган. Бунга АҚШ, араб давлатлари ва Туркия ташаббус кўрсатгани маълум қилинган.
Изоҳ (0)