Франция президенти Эммануэл Макрон Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий амалиётларни кенгайтириш режасини кескин танқид қилмоқда. У бу ҳаракатлар мисли кўрилмаган фожиага ва ҳеч қачон тугамайдиган урушга олиб келишини таъкидлади. Бу ҳақда Telegraph хабар берди.

Маълум қилинишича, Франция раҳбари 11 август куни БМТ бошчилигида Ғазони барқарорлаштириш миссияси тузишни таклиф қилиб, ўз жамоасига бу борада дарҳол иш бошлашни топширган.
“Исроил вазирлар маҳкамаси Ғазо шаҳри ва Ал-Мавосий лагерларидаги операцияларини кенгайтириш ва қайта ишғол қилиш тўғрисида баёнот эълон қилди. Бундан шуни англаш мумкинки, бизни мисли кўрилмаган жиддий фалокат кутиб турибди. Бу Исроил чексиз уруш томон ҳаракатланаётганидан дарак беради”, деди Франция раҳбари.
Ўтган ҳафта Исроил хавфсизлик кенгаши Ғазо шаҳрига бостириб кириш ва уни тўлиқ эгаллаш режаларини маъқуллаган эди. Макрон бу стратегия энг аввало исроиллик гаровдагилар ва Ғазо аҳолиси учун зарарли бўлишини айтмоқда.
Исроил бош вазири Бенямин Нетаньяху эса ўз режасини ҳимоя қилиб, ҲАМАСни тўлиқ мағлуб этишдан бошқа йўл йўқлигини таъкидламоқда. Расмийлар Ғазо шаҳридаги тинч аҳолининг эвакуацияси октябргача чўзилиши мумкинлигини билдирган. Бу эса янги ҳужум бошланишидан олдин оташкесимга эришиш эҳтимолини оширади.
Маълумот ўрнида, сўнгги бир суткада Ғазо секторида 69 киши ҳалок бўлган, уларнинг 5 нафари очарчилик сабаб вафот этган. ҲАМАС назоратидаги соғлиқни сақлаш вазирлиги анклавдаги умумий қурбонлар сони 61 499 нафарга етганини билдирган.
Изоҳ (0)