Россиянинг Калининград вилояти тўлиқ НАТОга аъзо давлатлар билан ўралган бўлиб, альянс уни “мисли кўрилмаган тезликда ва муддатда” эгаллаб олиш имкониятига эга. Бу ҳақда АҚШнинг Европа ва Африкадаги қуруқликдаги кучлари қўмондони генерал Кристофер Донахю хабар берди.

АҚШ армияси ва унинг НАТОдаги иттифоқчилари “Шарқий қанотдаги тийиб туриш чизиғи” деб номланган янги режани амалга оширишга киришмоқда. Режанинг асосий мақсади — қуруқликдаги ҳарбий имкониятларни кучайтириш ва альянс доирасида ҳарбий-саноат мувофиқлигини таъминлашдир.
Генерал Донахю мисол сифатида Калининград вилоятини тилга олди. Унинг айтишича, бу ҳудуд тахминан 75 километр кенгликда бўлиб, тўлиқ НАТО давлатлари билан чегарадош. Шу сабабли армия ва унинг иттифоқчилари “шаҳарни илгари ҳеч қачон бўлмаган тезликда эгаллаб олиш имконига эга”.
Биз бу режани аллақачон ишлаб чиқдик. Россия бизга масса ва импулс нуқтайи назаридан муаммо туғдирмоқда, бироқ биз бу таҳдидни тўхтатиш учун керакли имкониятларни шакллантирдик, деди генерал Донахю.
Унинг айтишича, минтақавий режалаштириш ишлари анча вақтдан бери олиб борилмоқда. Бироқ ҳозирча НАТО билан ҳамкорликда эътибор, асосан, Болтиқбўйи мамлакатларига қаратилган. Бу эса саноат соҳаси ва ҳукуматлар учун зарур талабларни аниқлаштириш мақсадида амалга оширилмоқда.
Россия таҳдидларига қарши чора кўриш ва глобал тийиб туриш тизимини яратиш доирасида АҚШ армияси ва НАТО ҳозирда маълумотларга асосланган ягона тизимлар, қўшма учириш платформалари ва “булутли координация” технологияларини шошилинч ишлаб чиқмоқда.
Биз буларнинг барчаси Украинада қандай ишлаётганини аллақачон кузатяпмиз. А2АD (кириш ва ҳаракатни чекловчи) зоналарини қуруқликдан йўқ қилишни ўргандик ва энди бу тажрибани бошқа йўналишларда ҳам қўллай оламиз, дея таъкидлади генерал.
Режа доирасида маълумотлар алмашинуви тизими ҳам жорий этилган. Донахюнинг таъкидлашича, НАТО аллақачон бу тизимни харид қилган — у Palantir компаниясининг сунъий интеллектга асосланган Maven Smart System платформасини назарда тутмоқда. Ушбу тизим катта ҳажмдаги маълумотларни тезкор таҳлил қилиб, ҳарбий қўмондонларга стратегик қарорлар қабул қилишда ёрдам беради.
Биз булут технологиялари бўйича нима қилишимиз кераклигини аниқ биламиз. Шунингдек, бу тизим учун қандай учувчисиз қурилмалар, бригадалар ва бошқа ресурслар керак бўлишини ҳам аниқ белгилаб олганмиз, деди Донахю.
Изоҳ (0)