Украина Ғарбдан уни Россия агрессиясидан ҳимоя қилиш учун ажратилган ҳарбий ёрдам пакетларини, жумладан, ҳарбий техника ва қуролларнинг деярли барчасини олиб бўлди. Бу ҳақда АҚШнинг Европадаги кучлари қўмондони генерал Кристофер Каволи маълум қилди, деб ёзмоқда “Укринформ”.
АҚШ генерали Конгресс Вакиллар палатасининг Қуролли кучлар бўйича қўмитасидаги тингловлар чоғида шундай баёнот берган.
“Жанговар машиналарнинг 98 фоиздан ортиғи аллақачон ўша ерда. Уларга керакли жиҳозларни етказиб берганимизга ишончим комил, операцияларни қўллаб-қувватлаш ишларини давом эттиряпмиз”, — деди генерал Каволи.
Шунингдек, у Америка томони Украина Қуролли кучларининг устувор эҳтиёжларини аниқлаш ва уларни ўз вақтида қондириш мақсадида Украина томони билан доимий алоқада эканига ишонтирди. Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, Евроатлантика хавфсизлигини мустаҳкамлаш бўйича янги қадамлар жорий этилмоқда.
Каволи ҳозиргача 50 дан ортиқ халқаро донорлар томонидан Украинага кўрсатилган моддий ёрдам ва ҳарбийларни тайёрлаш машғулотлари Украина армиясининг муваффақиятга эришиши учун жуда катта ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Охирги сафар 19 апрель куни АҚШ Украинага 325 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилган эди. Янги пакет доирасида Қўшма Штатлар Украинани ҲИМАРС ёппасига ўт очувчи реактив тизимлари учун қўшимча ўқ-дорилар, артиллерия снарядлари, танкка қарши АТ-4 қуроллари, танкка қарши миналар, тўққиз миллиондан ортиқ патронлар, аниқ бошқариладиган авиация ўқлари ва бошқалар билан таъминлайди.
Вашингтон Киевга Россиянинг кенг кўламли босқини бошланганидан бери 35 миллиард доллардан ортиқ ҳарбий ва бошқа ёрдам кўрсатди, деб ёзган ўша пайтда Associated Press.
Изоҳ (0)