АҚШ Олий суди президент Дональд Трамп маъмуриятига муҳожирларни ўз ватанидан бошқа мамлакатларга депортация қилишни давом эттиришга рухсат берди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Судья қарорига кўра, муҳожирлар учинчи давлатга депортация қилинишидан аввал бу ҳақда ўз мамлакати расмийларига хабар бера олмайди. Суднинг 3 нафар либерал судьяси қарордан норози бўлиб, бу “қоидабузарликни мукофотлаш” эканини айтган.
Қарор Мьянма, Жанубий Судан, Куба, Мексика, Лаос ва Вьетнамдан келган 8 нафар муҳожирга тааллуқли. Улар май ойида Жанубий Суданга депортация қилинаётган эди. Трамп маъмурияти мазкур муҳожирларни “ёмонларнинг ёмони” деб атаган.
АҚШ округ судьяси Брайан Мерфи мигрантлар депортация қилинишини ноқонуний деб топган. Унга кўра, муҳожирлар учинчи давлатларга депортация қилинса, улар қийноққа солиниши ёки ўлдирилиши эҳтимоли мавжуд.
Судьялар Сониа Сотомаёр, Элена Каган ва Кетанжи Браун Жексон қарорни танқид қилиб, уни “қўпол суиистеъмоллик” деб атаган. Ички хавфсизлик департаменти эса бу “Америка халқининг хавфсизлиги учун ғалаба” эканини билдирган.
Трамп маъмуриятининг таъкидлашича, 8 нафар муҳожир АҚШда “ёвуз жиноятлар”, жумладан қотиллик, ўт қўйиш ва қуролли босқинчилик содир этган. Аммо муҳожирларнинг адвокатлари Олий судга берган аризасида ҳибсга олинганларнинг кўпчилиги жиноят содир этмаганини айтган.
Янги қарор республикачилар учун оммавий депортациялар йўлидаги яна бир ғалаба ҳисобланади. Олий суд май ойида Венесуэладан келганлар учун “вақтинчалик ҳимоя мақоми”ни тугатишга рухсат берганди. Шундан сўнг Трамп Куба, Гаити, Никарагуа ва Венесуэладан келган ярим миллионга яқин муҳожирга АҚШда 2 йил қолиш имконини берувчи гуманитар дастурни вақтинча тўхтатишини айтганди.
Изоҳ (0)