Сенат 28 май куни қонунчиликка сотувчиларнинг олди-сотди шартномасида кўрсатилган мажбуриятларни ўз вақтида бажаришга ундайдиган нормаларни белгиловчи қўшимча киритилишини маъқуллади.

Маълум қилинишича, 2024 йилда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига истеъмолчилардан келиб тушган 30 070 та мурожаатларнинг 4 213 тасида сотувчилар томонидан товарлар (автомобиль, маиший техника, тайёр овқат, мебел ва бошқалар)ни келишилган муддатларда етказиб берилмаганидан норози бўлган.
Бундан ташқари, биргина автомобиль олди-сотдиси бўйича шартномаларда кўрсатилган муддатларга риоя этилиши тизимли равишда ўрганилганда 5 332 та ҳолатда сотувчилар томонидан автомобилларни етказиб бериш муддатлари бузилиши аниқланган.
Сенаторлар маъқуллаган қонун билан “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга сотувчиларни олди-сотди шартномасида кўрсатилган мажбуриятларни ўз вақтида бажаришга ундайдиган нормаларни белгиловчи қўшимча киритилмоқда.
Қонун билан олди-сотди шартномасига мувофиқ сотувчи шартномада белгиланган муддатда товарни истеъмолчига етказиб бермаган тақдирда сотувчи кечиктирилган ҳар бир вақт бирлиги (шартномада кўрсатилган дақиқа, соат, кун) учун мажбуриятнинг бажарилмаган қисмининг 0,5 фоизи миқдорида истеъмолчига пеня тўлаши, бироқ бунда пенянинг умумий суммаси топширилмаган товар баҳосидан ошиб кетмаслиги кераклиги аниқ белгилаб қўйилмоқда.
Бунда пеняни тўлаш шартнома мажбуриятларини бузган сотувчи товарларни етказиб бериш муддатларини кечиктириб юбориш, тўлиқ етказиб бермаслик оқибатида етказилган зарарни қоплашдан озод этмаслиги белгиланяпти. Бундан ташқари, сотувчи товарларни истеъмолчига топширишнинг кечикиши истеъмолчининг айби билан содир бўлганини исботласа, пеня тўлашдан озод этилиши кўзда тутилмоқда.
Ушбу қонун депутатлар томонидан 2025 йил 21 январда биринчи ўқишда қабул қилинганди.
Сенатда маъқулланган қонун билан, шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга энергия ресурсларини оз миқдорда талон-торож қилиш ҳамда ички ишлар органлари ходимининг ва Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) қонуний талабларини бажармаслик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жазо чоралари кучайтирилишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Бундан ташқари, “Ёд етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида”ги қонунга мамлакатда фақат ёдланган ош тузи ишлаб чиқарилишини, олиб кирилишини ва реализация қилинишини, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ёдланган туздан мажбурий тарзда фойдаланилишини, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ош тузини ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини ёдлашга, ёдланган тузнинг муомаласига доир санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларини белгилаш соҳасидаги ваколатлари аниқлаштирилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Изоҳ (0)