Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган 45-бутунжаҳон шахмат Олимпиадасида бронза медалларни қўлга киритган Ўзбекистон эркаклар жамоаси аъзолари “Президент совғаси” сифатида BYD Chazor русумидаги автомобиллар ҳамда 170 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланади.
Мусобақа қатнашчилари бугун, 24 сентябрь куни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида кутиб олинади ва совғалар топширилади.
Маълумот учун, ушбу мусобақада амалдаги чемпионлар сифатида қатнашган Ўзбекистон жамоаси 17 очко билан учинчи ўринни қўлга киритди. Мусобақа ғолиби Ҳиндистон 21 очко тўплади. Кумуш медалларга эга чиққан АҚШ Ўзбекистон термасидан фақатгина қўшимча коэффициентлар эвазига ғалаба қозонди.
Қизлар терма жамоаси эса якуний жадвалда 12-поғонани банд этди. Ўзбекистон терма жамоаси қўшимча кўрсаткичлар эвазига Хитой, Украина, Польша, Болгария, Аргентинадан ортда қолди.
Шунингдек, тахталар кесимида: 1-тахтада Нодирбек Абдусатторов 2-ўрин ва кумуш медални, 4-тахтада Шамсиддин Воҳидов 1-ўрин ва олтин медални қўлга киритди.
Тахталар кесимида: 4-тахтада Нодира Нодиржонова 2-ўрин ва бронза медални қўлга киритди.
Изоҳ (0)