Хўжаобод туманида “Андижон” футбол клуби учун замонавий машғулот базаси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Янги комплекснинг умумий қиймати 31 миллиард сўмни ташкил этади. Базада спортчилар учун уч қаватли ётоқхона, иккита футбол майдони, ҳар бирида минг кишилик трибуналар, шунингдек, меҳмонхона, шуғулланиш учун зал, ёпиқ сузиш ҳавзаси ва овқатланиш жойлари мавжуд.
Мазкур спорт мажмуаси 114 нафар футболчини бир вақтнинг ўзида қабул қилиш имкониятига эга бўлиб, асосий жамоа билан бирга “Андижон”нинг ёшлар жамоаси ҳам бу ерда машғулот олиб боради.


Сўнгги йилларда жисмоний тарбия ва спортга берилаётган эътибор ўз самарасини бермоқда. Хусусан, футбол халқ орасида оммалашиб, катта ютуқларга эришилмоқда. Миллий терма жамоамиз халқ орзусини рўёбга чиқарди, “Андижон” клуби эса ўтган мавсумда Ўзбекистон кубогини ютиб, энди Осиё Чемпионлар Лигасида қатнашади. Бу — албатта, катта фахр, деди Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов.

Клуб раҳбарияти мазкур спорт иншооти FIFA ва Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) талаблари асосида қурилганини таъкидлади. Улар янги база Марказий Осиёда шу турдаги биринчи ва энг илғор спорт мажмуаси экани билан фахрланишларини билдириб ўтишди.
Изоҳ (0)