Актёрлик касби кўпчилик ўйлагандек осон эмас. Баъзида улар ўзининг характерига бутунлай зид бўлган ролларни ижро этишига тўғри келади. Томошабинлар эса бу фарқларни кўрмай, актёр ва унинг образини айнан бир шахс деб қабул қилишда давом этади.

Қуйида дизи оламида машҳур бўлган, лекин ўзи ижро этган ролга деярли ўхшамаган 6 нафар актёр ва актриса ҳақида ҳикоя қиламиз.
Керем Бурсин ва Серкан Болат — “Қалбим эшигини қоқ”

Турк романтик комедиясининг асосий қаҳрамони Серкан Болат совуққон, ҳис-туйғуларини кўрсатмайдиган, қатъиятли ва эҳтиёткор инсон сифатида тасвирланади. Ҳаттоки сериал қаҳрамони Эда уни “робот” деб атайди.
Аммо Серкан ролини ижро этган Керем Бурсин ҳаётда образига умуман ўхшамайди. Ҳамкасбларининг айтишича, у жуда ҳаракатчан, ҳазилкаш ва жамоада яхши кайфият яратишга ҳаракат қиладиган инсон. Масалан, Ҳанде Эрчел бир неча бор актёрнинг ҳазилларининг ҳаддан ташқари кўплигидан норози бўлган. Керем билан Серканни боғлайдиган ягона ўхшашлик бу иккисининг меҳнатсеварлигидир.
Чағатой Улусой ва Бариш — “Ёввойи асал”

Чағатой Улусойга кўпинча кучли характерли, одамларни ортидан эргаштирадиган лидер образлари насиб этади. Бироқ актёрнинг ўзи бундай эмас: у ички дунёсида яшашни маъқул кўрадиган, ёлғизликни ёқтирадиган ва табиат бағрида, айниқса балиқ овида дам оладиган сокин одам.
Шунинг учун ҳам у “Ёввойи асал” фильмидаги Бариш ролини ўз фаолиятидаги энг оғир образлардан бири деб атаган:
“У — импулсив, ҳеч нарсани ўйламай иш қилади. Мен эса ҳар бир қадамимни олдиндан ўйлайдиган одамман”, деган актёр.
Каан Урғанжиўғлу ва Эмир Козжиўғлу — “Севги изтироби”

Сериалдаги Эмир золим, психологик жиҳатдан мувозанатсиз ва бошқаларни ўзи истагандек бошқарадиган одам сифатида намоён бўлади. Мазкур рол Каан Урғанжиўғлунинг танилишига катта ҳисса қўшган бўлса-да, актёр бу образ билан ўзини боғлай олмайди.
Кааннинг айтишича, актёрнинг совуққон кўриниши унинг шахсий чегараларини ҳимоя қилиш воситаси, холос. Аслида эса у ўзини тез-тез танқид қилади, айблайди ва ички ҳис-туйғуларини доим босишга ҳаракат қилади. Эмир эса бунинг аксига, доим бошқаларни айблайди ва ўз муаммоларига жавобгарликни бўйнига олмайди.
Мерт Рамазон Демир ва Ферит Корхан — “Қўрғон сирлари”

Сериалдаги Ферит аёлларни осонлик билан ўзига ром қиладиган, кечаларини зиёфатларда ўтказадиган, масъулиятсиз ва ҳавойи образ сифатида гавдаланган. Кўплар уни “ёмон йигит” деб атаган.
Аммо актёр Мерт Рамазон Демир ҳаётда бу образдан кескин фарқ қилади. У сокин, камтар, камгап ва атрофидагиларга нисбатан меҳрибон инсон. Шунга қарамай, Мерт ҳам Ферит каби ўз хатоларини тан олишда қийналишини айтган.
Фаҳрие Эвжен ва Мурвет — “Курт Сеит ва Александра”

Мурвет сериалдаги бош қаҳрамоннинг итоаткор, осойишта ва мулойим рафиқаси. Бу образ Фахрие Эвженнинг асл характеридан тубдан фарқ қилади. Ҳамкасби Киванч Татлитуг ва бошқа суратга олиш гуруҳи аъзолари унинг феъл-атвори ҳақида очиқ фикр билдирганлар.
Уларнинг таъкидлашича, Фахрие кучли характер эгаси бўлиб, баъзида бошқаларни ўзига мослашишга мажбур қилган, жамоада ўз нуқтаи назарини қатъий ҳимоя қилган. Бу эса унинг юмшоқ, журъатсиз образидан кескин фарқ қилади.
Киванч Татлитуғ ва Аслон — “Оила”

Сериалдаги Аслон қатъиятли ва йўлида ҳеч нарсадан қайтмайдиган шахс. Киванч бу ролни ишонарли тарзда ижро этган бўлса-да, интервьюда бу қаҳрамон билан ўзи ўртасида умуман ўхшашлик йўқлигини айтган.
Актёрнинг танишлари уни тортинчоқ ва баъзида ҳатто ўз фикрини ифода этишда қийналадиган одам сифатида тасвирлайди.
Изоҳ (0)