Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакат жиноят кодексига SIM карталар ва молиявий маълумотларни бегоналарга беришга жазо белгилайдиган ўзгартиришларни тасдиқлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қонуннинг мақсади шахснинг ўз банк картаси, ҳисоб рақами, электрон ҳамёни, мобил банкинг, SIM картаси ёки бошқа молиявий маълумотларини учинчи шахсларга бериши ёки сотишининг олдини олишдан иборат. Бу эса ахборот технологиялари орқали содир этиладиган жиноятлар сонини камайтиришга хизмат қилади.
Имзоланган қонун билан SIM карталар, мобил банкинг логин ва паролини, электрон ҳамён, банк карталари ва виртуал активларга кириш имкониятини сотиш ёки қасддан бериш учун жавобгарликни назарда тутувчи янги 209-1-модда киритилмоқда.
Таъкидланишича, парламент ушбу қонун лойиҳасини июнь ойида қабул қилган. Ҳукумат янги қонуннинг асосий мақсади замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этиладиган жиноятлар сонини камайтириш эканлигини билдирмоқда.
Бундан аввал Россияда шунга ўхшаш қонун қабул қилинганди. Ушбу қонун дропперлик учун жиноий жавобгарликни белгилайди. Россия қонунчилигига кўра, банк карталарини ҳақ эвазига бошқаларга берганлик учун 100 мингдан 300 минг рублгача жарима ёки икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Бошқаларнинг карталаридан фирибгарлик мақсадида фойдаланганлик учун эса 1 миллион рублгача жарима тўлаш билан бирга олти йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилган.
Изоҳ (0)