Исроил 25 давлатнинг Ғазо секторида ўт очишни сўзсиз ва доимий тўхтатиш ҳақидаги чақириғини рад этди. Бу ҳақда Исроил Ташқи ишлар вазирлигининг Х ижтимоий тармоғидаги хабарида маълум қилинди.

“Исроил бир гуруҳ давлатларнинг қўшма баёнотини рад этади, чунки у воқеликдан узилиб қолган ва ҲАМАСга нотўғри сигнал юбормоқда”, деб таъкидланади хабарда.
Исроил томони барча даъво ва талаблар гаровга олинганларни озод қилиш ва ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув йўқлиги учун жавобгар бўлган ягона томон — ҲАМАС ҳаракатига қаратилиши лозимлигини таъкидлаган.
ТИВ маълумотларига кўра, ҲАМАС Исроил аввалроқ маъқуллаган сўнгги ўт очишни тўхтатиш таклифини қабул қилишдан бош тортган.
“Ўт очишни тўхтатишга рози бўлиш ўрнига, ҲАМАС Исроил ҳақида ёлғон тарқатиш кампаниясини фаол олиб бормоқда ва айни пайтда кескинликни кучайтириш ҳамда гуманитар ёрдам олаётган тинч аҳолига зарар етказиш учун қасддан ҳаракат қилмоқда.
Ҳозирги музокараларнинг нозик дамларида бундай баёнотлардан сақланиш мақсадга мувофиқ”, дейилади баёнотда.
Бундан аввал 25 давлат ташқи ишлар вазирлари ва Европа Иттифоқининг тенглик, тайёргарлик ва инқирозни бошқариш бўйича комиссари Аджа Лябиб Исроилни Ғазо секторидаги урушни тўхтатишга чақирган ва унинг анклавдаги гуманитар сиёсатини қоралаган қўшма баёнот қабул қилди. Ҳужжатни имзолаганлар орасида Буюк Британия, Австралия, Канада, Франция ва Италия бор.
Изоҳ (0)